Соғлом овқатланиш — саломатлик мезони

01.03.2024 13:03:38

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қумқўрғон туман Кенгаши, партия "Аёллар қаноти" туман Кенгаши фаоллари томонидан тумандаги «Жалоир” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мурувват” уйида “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4887-сон қарори ижроси бўйича аҳоли ўртасида “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда партия туман Кенгаши ходимлари ва туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари, маҳалла фуқаролари, туман “Мурувват” уйи ходимлари ва БПТ аъзолари иштирок этишди.


Тадбирда сўзга чиққанлар соғлом турмуш тарзига риоя этиш кўплаб муаммоларнинг олдини олишини, бир қараганда қийин кўринувчи, анчагина куч, сабр ва ирода, вақт ва шароит талаб этувчи соғлом турмуш тарзининг асосий қоидалари хусусида тушунтирдилар.
Айтиш жоизки, соғлом турмуш тарзининг энг муҳим қоидаларидан бири спорт, жисмоний машқлардир. Спорт- ҳаётимиз давомида соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий шартларидандир. У ёш ҳам, жой ҳам, ҳаттоки шарт-шароит ҳам танламайди. Ана шу хусусда ҳам иштирокчиларга кенг ва атрофлича тушунчалар берилди. Иштирокчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни янада яхши яшаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Зумрад Менглибоева, партия Қумқўрғон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоли, тадбир иштирокчиси:
- Барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантириш зарурлиги бугунги даврнинг талабларидан биридир. Нотўғри овқатланиш аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик касаллигига чалинган фуқароларимиз соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Натижада фуқароларнинг дунёдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Шунинг учун, аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш ҳисобига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, зарарли одатлар ва носоғлом турмуш тарзини кечириш оқибатлари бўйича ахборот-тарғибот ишлари олиб боришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавоблар олишди.

Зулфия Дагарова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қумқўрғон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+