Cўхлик аёлларга тикув машиналари топширилди

08.01.2024 14:01:10

Ҳар бир инсон ўз рўзғорини ҳалол меҳнати билан тебратишни, фарзандларини ватанга, халққа муносиб ва фидойи инсон бўлиб камол топишини, юрагининг тубидаги орзуларини рўёбга чиқаришини ният қилиб яшайди. Аммо, тақдири азал инсонни турли синовлар билан сабр бардошини синаши ҳам бир ҳикмат.
Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Ҳазрат Али маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар” рўйхатига киритилган 6 нафар эҳтиёжманд аёллар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тикув машиналари билан таъминланди.


– Маҳалламизда истиқомат қилувчи ёшу қари жуда ҳамжиҳат. Ҳар бир эзгу ишларимизни бамаслаҳат амалга оширамиз. Биз эҳтиёжманд оилаларни доимо қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келамиз. Аммо, қўл билан берганга қуш тўймайди, деган нақл бор. Уларни байрам кунлари ва анъанавий йўқловга борганимизда қўшнилардан хижолат чеккан кунлари ҳам бўлган, - дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, Ҳазрат Али номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси – Субҳонали Нишонов. – Ҳукуматимиз томонидан бу каби хотин-қизларни бепул касб-корга ўргатилиши ва замонавий тикув машиналари билан таъминланиши ҳаммамизни, айниқса, аёлларимизни хурсанд қилди. Уларнинг кўзларидаги қувонч ёшлари, юрт тинчлиги ва мамлакатимиз тараққий этишини тилаб қилган дуолари бизни ҳам севинтирди.
Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи бўлса, бизнес ва тадбиркорлик – замонавий иқтисодиётимизнинг асосидир. Ишонамизки, янги имкониятларга эга бўлган маҳалладош аёлларимиз ўз бизнесини йўлга қўйиб, мактабни тамомлаётган ёшларни ва ишсиз хотин-қизларни ўз бағрига олиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантирадилар.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+