Суд-хуқуқ тизими буйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилади

26.12.2020 12:12:20

Мирзо Улуғбек туманининг “Оқибат” маҳалласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман суди судьялари ва маҳалла фаоллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Йиғилганларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" СДП фракция аъзоси Шухрат Полвонов суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар хақида сўзлар экан, бу ислоҳотлар аҳоли учун енгиллик олиб келиши кутилаётганига эътибор қаратди.

Олий Мажлис депутати Шухрат Полвоновнинг таъкидлашича, эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиши ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу ўз навбатида маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли хил таъсирларидан холи тарзда мустақил фаолият юритишларини таъминлашга хизмат қилади. Судларни бундай ташкил этишдан кўзланган мақсад фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратишдир.

Ушбу йиғилишда биз, Мирзо Улуғбек туман Кенгаши "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этиб, ўз мулоҳазаларимизни билдирдик.

Йиғилишда таъкидланган тамойилларни, яъни ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилиши, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилиши ва бу каби тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланишига ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар ортиқча оворагарчилиги олди олинишига эришиш кутилаётганини қўллаб-қувватлашимиз керак, деб ўйлайман.

Халқ вакиллари сифатида ушбу ислоҳотлар халқимиз ҳамда соҳа вакиллари учун қулайлик ва енгилликлар олиб келишини кутиб қоламиз.

 

Отабек ФУЗАИЛОВ,

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+