Сув келтирган элда азиз

17.11.2020 20:11:47

Мамлакатимизда фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг ҳаётдан  рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида ҳудудларда хайрли ва ободончилик ишлари амалга оширилиб, катта ўзгаришлар юзага келмоқда.

Хусусан, Денов туманидаги “Гулистон”, “Меҳр-оқибат” ва “Абрураҳмон Жомий” маҳаллалари ҳам обод маҳаллалар сирасига киради. Атроф-муҳит озода, маҳаллалар аҳолиси тинч, бир-бири билан аҳил-иноқ яшайди. Аммо, мазкур маҳаллаларда ичимлик суви муаммоси мавжуд бўлиб, артезиан қудуқларидаги насослар яроқсиз ҳолга келиб, тоза ичимлик сувига бўлган муҳтожлиги билан боғлиқ муаммолар аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келар эди.

Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати Алишер Йўлдошев томонидан мазкур маҳаллалардаги юзма юз мулоқотлар даврида фуқаролар томонидан ушбу муаммони бартараф этишда ёрдам беришларини сўраб мурожаатлар бўлган эди. Шунга асосан, депутатимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторларининг жойларда ўтказилаётган сайёр қабулида бўлиб, мазкур муаммони ҳал қилишда кўмак зарурлигини билдирди. Сенатор  Абдуғани Сангинов сайёр қабул вақтида мазкур муаммони ўрганиб чиқиб, ҳал қилиб беришга киришди. Сенаторнинг ҳомийлиги остида  туман “Меҳр-оқибат” ва “Абдураҳмон Жомий” маҳалласидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган 2 та мавжуд ичимлик суви артезиан қудуқлари таьмирлатилиб, янги замонавий ускуналар ўрнатилди ва аҳолига тоза ичимлик суви чиқариб берилди. Бунинг натижасида маҳалладаги 2000 га яқин оила ва 7000 нафардан зиёд аҳолининг тоза ичимлик суви муаммоси бартараф этилди.

Турдиали Абдуназаров, “Абдураҳмон Жомий” маҳалласи фуқароси, кекса фахрий:

  • Халқимизда сув келтирган элда азиз, деган нақл бор. Депутатлар кўмаги билан маҳаллалар аҳли тоза сувдан баҳраманд бўлмоқда. Ҳомийлар ҳам, қурувчилар ҳам қараб тургани йўқ, ўз ёрдамини аяшмади. Ҳаммаси эл дуосини олишди, барака топсин. Биз, кексалар маҳалламиз учун хайрли ва савобли ишлар қилаётган фидойи инсонларга раҳмат айтамиз.

Бу фикр-мулоҳазалар ҳомийлар билан ҳамкорликда амалга оширилган хайрли иш маҳалла аҳлининг партиямизга бўлган ишончини оширганлигини ҳам ифодалаб турибди.

Шоҳруҳ ТОШТЕМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+