Таҳлилий-танқидий ёндашув

23.11.2020 12:11:57

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент тумани Кенгашининг навбатдаги Пленумида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури доирасида партиянинг Комплекс чора-тадбирлари дастури ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби муҳокамага қўйилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 га яқин партия лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди. Жумладан, партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги 52 та маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, 150 та хонадонларда суҳбатлар ташкил этилди. Бу жараёнда 50 нафарга яқин кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож  оилаларга  моддий ёрдам кўрсатилди, 30 дан зиёд фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маслаҳатлар ҳамда ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Шунингдек, “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 8 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Пленумда  ўтган давр мобайнида партия аъзоларининг сони ўсгани, қуйи бўғинлар фаолияти, аъзолик бадалларини назорат қилиш масалалари таҳлил этилди.

Кенгаш йиғилишида эътирофга лойиқ ишлар амалга ошираётгани, ўтган давр мобайнида партия аъзоларининг сони ўсгани ижобий баҳолангани, бироқ депутатлар фаолияти етарли  даражада кўзга ташланмагани танқид қилинди.

Партиянинг Бекобод туман Кенгаши ҳисобот даврида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинар экан, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари  томонидан  ижро органи мансабдор шахсларига юборилган 4 та депутатлик сўровига бирорта ҳам жавоб олинмаганлиги кескин танқид қилинди.

Ваҳоланки, ана шу депутатлик сўрови замирида халқ дарди, ўй-ташвишлари, муаммо ва изтироблари ётибти.

Мансабдор  шахслар депутатлик сўровида белгиланган 10 кун муддатда жавоб бермадими, такрорий депутатлик сўрови ва ундаям жавоб бўлмаса, масала судга мурожаат орқали ҳал этилиши керак эди. Аммо депутат  мансабдор шахслар  устидан судга шикоят қила оладими,  мурожаат қилишга ўзида куч топа оладими?  Бинобарин, унинг ваколати бу борада жуда катта. Аммо депутатларнинг ўз ваколати доирасида фаолият олиб боришга журъати етмаслиги туфайли муаммолар жойида қолиб кетаяпти.

Бу ҳақда партиянинг туман Кенгаши раиси Мухамаднаби Дутураев  фикр билдирар экан, 9-сайлов округидан Б.Жўраев ва 13-сайлов округидан Ў.Бердиев каби депутатлар фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермаслигини, агар улар иш услубида ўзгариш ясашмаса, бу масала туман Кенгашида кўриб чиқилиши ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг туман Кенгаши аъзолари ва депутатлари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида амалга ошириши мўлжалланган вазифаларни  белгилаб олдилар.

Йиғилиш якунида кун  тартибида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Таъкидлаш лозимки, вилоятнинг барча шаҳар ва туман Кенгашлари навбатдаги Пленумлари  давом этмоқда.

         Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+