Таълим истиқболига ишонч ортди

21.12.2022 15:12:45

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик интиқлик билан кутди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ва сенаторлар, балки бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис этиб турганди.

Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Мурожаатномада таълим ва тарбия мавзуси энг устувор вазифалардан бири сифатида тилга олингани қувонарли бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан 2023 йил юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб номланиши қалбимизни жунбишга келтирди. Бинобарин, инсон қадрига эътиборсиз ва илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Ахир илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоядир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди.

Биринчи навбатда, Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш, мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1000 тага етказилади.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши халқимиз кайфиятини кўтаргани аниқ.

700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги тилга олинди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Мактабгача таълимда боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Бу билан фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир.

Мурожаатномада ўқитувчилар, педагоглар меҳнати, заҳмати алоҳида тилга олинди. Уларнинг тажрибасини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди. Ҳақ гап! Давлат равнақи, халқ баркамоллигини кафолатлаш учун соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим масала.

Хуллас, Президентимиз Мурожаатида долзарб вазифалар, янги ғоялар илгари сурилди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ.

Демак, аниқ режалар, шунга яраша ҳаракат ва фаолият бўлиши, истиқболли режаларни амалга ошириш борасида биз депутатлар ҳам масъулиятни оширишимиз, дадил ва халқчил таклифларимиз билан жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ташпўлат Матибаев,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши  

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+