Таълимдаги истиқболли вазифалар белгиланди

30.12.2020 11:12:14

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Мурожаатномада қўйилган устувор вазифаларни ўтаётган йилдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилишида жуда катта маъно бор.

Барчамизга маълумки, ўтаётган йилда коронавирус пандемияси кўп соҳаларда инсонлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартирди. Ҳатто таълим тизимини ҳам янги шароитларга тезкор мослашишга ва ўзгача тартиб-қоидалар бўйича иш олиб боришга мажбур қилди. 

Шу боис, Мурожаатномада Президент томонидан 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар айтиб ўтилди.

Шу жумладан, келгуси йилда олий ва ўрта махсус таълим тизимига жорий этиладиган янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилади.

Бундан ташқари аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади, 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиб, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади.

Шунингдек, 30 та етакчи олий таълим муассасаларига ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши қайд этилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, биз, соҳа ходимлари ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланишни кучайтиришимиз, ёшларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз зарур.

 

Маҳмуджон БОЛТАБАЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт

университети ректори, иқтисод фанлари доктори,  профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+