Таълимга эътибор – келажакга қўйилган муҳим қадам

06.11.2020 10:11:05

Бугун жуда илғор фикрлаётган ёш авлодга замон талаблари асосида билим бериш учун дарсларни уларнинг талабига мос,  юқори савияда яратилишига, машғулотларни амалга оширадиган ўқитувчи-педагогларнинг малакаси ва маҳорати юксак бўлишини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу каби ишларнинг йўлга қўйилиши эса ўқув муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнидаги камчиликларнинг барҳам топишига хизмат қилади.

Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилишини барчамиз яхши биламиз. Шунинг учун ҳам таълим соҳасида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу ўзининг ҳақиқий натижасини кўрсатмоқда.   

Юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми ҳисобланади.

Яқинда, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги нутқини катта қизиқиш билан тингладим.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон мактаб останасидан бошланади” деб айтган сўзи мактаб таълимининг аҳамиятига берилган юқори баҳо.

Сабаби тарихдан маълум, ривожланган давлатларнинг барчаси таълимга, илм-фанга эътибор қаратгани туфайли юқори маънавиятга, кучли ижтимоий ва иқтисодий ўсишга эришганини кўришимиз мумкин.

Яна бир ҳақиқат бор, ҳар биримиз мактабда ўқитувчидан таълим олганлигимиз туфайли бемалол ўқиймиз, ҳисоблаймиз ва умуман олганда, дунёни таниймиз.

Шундан келиб чиққан ҳолда, шуни англаш мумкинки, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдевори мактабдан бошланиши ҳақиқат. Кейинги йилларда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш йўлида бир қатор қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинмоқда.

Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, Фармон лойиҳасида, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу Фармон лойиҳаси доирасида партия ташаббуси билан, мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида тадбирлар ташкил қилиниб, мазкур ҳужжатга regulation.gov.uz портали орқали таклифлар билдирилмоқда.

Президентимиз  нутқидаги эътиборимни қаратган нарса ҳар бир мактаб рейтингини ташкил қилиш бўйича билдирган вазифалари бўлади.

Сабаби, таълим соҳасида ҳам рақобат бўлса ўсиш, олдинга ҳаракатланиш бўлади. Яна бир нарса, рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилиши таълим соҳаси ходимларини рақбатлантириш орқали таълимнинг янада ривожланишига тўртки бўлади.

Президентимизнинг “Мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради” деган сўзларини эшитиб, рости партия фаоли сифатида ҳайратда қолдим. Сабаби бу билан таълим сифатини оширишда депутатлар орқали халқ фикри ҳисобга олиниши назарда тўтилгани мени қувонтирди.

Умуман олганда, Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни таълимнинг янги шаклларини яратиш орқали қуриш ва жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини юксалтириш бугуннинг долзарб вазифаси.

Мана шу эзгулик йўлида партиямиз фаоллари доимо ташаббускор ва қамарбаста бўлишимиз даркор.

 

Нурлибай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+