Таълимга эътибор — келажакка эътибор

18.03.2024 13:03:18

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилди, хусусан, таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳани янада юксалтириш борасида қабул қилинган қатор давлат дастурлари, қонун ҳужжатларига асосида кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Бу борадаги ишлар бугунги кунда янада жадал тус олмоқда.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш мақсадида таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган. Албатта, белгиланган вазифалар катта сиёсий, маънавий, маърифий ва ижтимоий аҳамиятга эга. Уларни тўлақонли бажариш, амалий натижаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бориладиган ишлар соҳа вакиллари, ўқитувчилар, педагоглар билан бир қаторда биз сиёсий соҳа вакиллари зиммасига ҳам улкан вазифаларни қўяди.
Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди. Жумладан, таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлардан иборат. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади. Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш мақсадида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ».
Зеро, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам бежиз эмас. Мазкур ҳужжат расмий сайтларга қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олингандир. Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилди.

Оқбўтаев Ҳиммат Қўчқорович,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+