Таълимни ривожлантириш – умуммиллий мақсад ва умуммиллий ҳаракатга айланди

07.03.2024 12:03:55

Халқимизда “Таълим ва тарбия – бешикдан бошланади” деган ҳикматли сўз бор. Агар инсон илм билан ҳаёт йўлини ёритмас экан, у зулмат ва ёмонлик кўчасида қолади. Илмни эгаллаш эса таълимда санъатга қиёсланади. Жамиятнинг асосий негизи бўлган таълим ва тарбия олиш жараёнида инсоннинг сифатлари, дунёқараши ва турли хил қобилиятлари шаклланиб, ривожланиб боради.
Буюк мутафаккир олимларимиз Aбу Aли ибн Сино, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Aбу Бакр Розий, Aбу Райҳон Беруний, Aҳмад Фарғоний, Ҳаким Термизий, Aбу Мансур Мотуридийлар таълим ва бошқа соҳаларда улкан мерос қолдиришган.
Дунёда танилган ва таълим ўчоғи сифатида эътироф этилган Хоразм Маъмун академияси халқимиз азалдан таълимга алоҳида эътибор қаратишининг яққол исботидир. Сўнгги йилларда юртимизда таълимни ривожлантириш – умуммиллий мақсад ва умуммиллий ҳаракатга айланди.
Давлатимиз раҳбари фуқароларимизнинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, яхши таълим олиши учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Таълим сифатини ошириш – тараққиётнинг яккаю ягона тўғри йўлидир. Шунинг учун ушбу соҳада бошланган ислоҳотларни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак. Таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейи, мақомини ошириш бугун депутат ва сенаторларимиз, сиёсий партиялар, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланган. Дунё тажрибасида ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг таълим ва тарбиясига сармоя сарфлашга катта аҳамият қаратилишидан далолат беради, зеро жамият интеллектуал салоҳияти келажакда давлат ва жамият фаровонлиги гаровидир. Шу сабабдан ҳам Янги Конституцияда давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгилаб қўйилган. Умумий ўрта таълимни эса мажбурий этиб белгиланиши ёшларнинг таълим олишлари муҳимлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими Вазирлиги қарори билан юқори синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилди. Бу жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди.
“Адолат” СДП ҳам ўзининг сайловолди дастурида умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, умумтаълим мактабларни ҳақиқий билим масканларига айлантириш, узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, таълим олиш ва унинг сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда, “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш каби вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 163-банди, “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон Фармонида ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг “Умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларининг ташкил этиш тўғрисида”ги 2023 йил 27 июндаги 192-сон буйруғига асосан мактабларда таянч ўқув режаси асосида амалда мавжуд синфларда кимё – биология, физика – математика, она тили – чет тили, математика – чет тили йўналишида ўқув-режасини ишлаб чиқилганлиги ва амалиётга жорий этиш ҳолати юзасидан 2023/2024 ўқув йилида республиканинг 135 та умумий ўрта таълим мактабларида тажриба-синов тариқасида танлов фанларини жорий қилиш устидан “Адолат” СДПнинг ишчи гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ташкил этилди.
Ўрганишлар жараёнида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказидан ҳудудларда тажриба синов тариқасида белгиланган ўқув режасига биноан жорий этилган мактаблар ҳақида тўлиқ маълумотлар олинди. Шунингдек, партия ташкил этган ишчи гуруҳлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш Республика илмий-методик маркази ишлаб чиққан таянч ўқув дастури асосида ўқувчиларга таълим бераётган ўқитувчилар учун адабиётлар ёки методик қўлланмалар етказиб берилганлик ҳолати, мактабларда ўқув дастурини татбиқ этиш учун қандай шарт-шароитлар яратилган ва белгиланган синфларда дарсларни ўқувчиларга тўлиқ етказиш учун мактабларнинг моддий-техник ҳолати, ўқитувчиларнинг фанларга мувофиқлик ҳолати ҳамда уларнинг билим ва малака даражаси ўрганилди.
Республика ва ҳудудларда партия Кенгашларининг раислари бошчилигида фанлар бўйича соҳа мутахассислари, партия фаоллари ва депутатлардан иборат, жами 641 нафар аъзолар иштирокида ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, жамоатчилик назорати тартибида ўқув амалиётининг бугунги ҳолати юзасидан саволнома асосида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш давомида Республика бўйича таянч ўқув дастури асосида ташкил этилган 10-синф ўқувчиларига малакали ўқитувчилар таълим бераётганлиги маълум бўлди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида Таянч ўқув дастурлари асосида ўқитилаётган дарс жараёнлари ота-оналар ва ўқувчилар томонидан ижобий қабул қилинганлиги аниқланиб, муносиб баҳоланди. Шу билан бир қаторда танлов фанлари асосида ташкил этилган синфларда дарс бериш жараёнларида бир қатор долзарб муаммолар борлиги аниқланди. Хусусан, ташкил этилган махсус синфлар ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминланмаган, чет тилларини ўқитишда лингафон анжомлари ҳамда машқ дафтарлари, электрон доска, телевизор каби зарурий техника воситалари ва видеороликлар мавжуд эмас.
Кимё-биология, физика-математика фанларини ўқитиш бўйича эса лаборатория хонаси замонавий ускуналар билан жиҳозланмаган (ўқувчилар ҳозирги кунга қадар лаборатория тажрибаларини ўтказишда тарози, кимёвий моддалар, микроскоп, шиша колбалари, лупалар, ўсимликлар, ҳайвонлар ҳамда инсон скелетлари каби эскирган жиҳозлардан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди). Физика лаборатория хоналари ҳам турли тарозилар, жисмлар ҳамда сайёраларнинг кичик ҳажмдаги макетлари, электрон доска билан таъминланмаган. Мазкур ўқув режа асосида юқоридаги камчиликлар бартараф этилса, Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги белгиланган устувор вазифалардан бири бўлган таълим сифатини яхшилаш билан бир қаторда ўқувчиларининг билим даражасини оширишга ҳамда ривожланган давлатлардаги илғор фикрлайдиган ёшлар билан тенглаша оладиган авлодни етиштиришга эришилади.

Гулнисо Саидова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарат
Мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+