Таъминот яхшиланади

27.02.2024 10:02:32

Қашқадарё вилоятида умумий ишлаб чиқариш ҳажми 69,3 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир йилда қўшимча 77,4 миллион кВт /соат электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган. Айни пайтда 3 минг 450 та аҳоли хонадонидан ташқари, 495 та ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет ташкилотлари, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари объектларида қуёш панеллари ўрнатилиши устида ишлар олиб борилаяпти. Вилоятимизда сўнгги беш йил давомида аҳоли хонадонлари сони 160 мингтага кўпайди, корхоналар сони эса 29 минг тадан 42 минг тага етди. Уларнинг умумфойдаланишдаги электр тармоқларига уланиши ўз-ўзидан қувват ишлаб чиқаришга бўлган талабни кескин ошириб юборди. Шунга қарамасдан вилоятимизда аҳолини электр энергияси ва газ билан мунтазам таъминлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилаяпти. Кейинги кунларда об-ҳавонинг совиши натижасида электр энергияси ва табиий газ таъминотида узилишлар бўлаётганлиги кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётир. Айниқса ёқилғи қуйиш шохобчаларида асоссиз навбатларда туриб кўп вақт йўқотаётган фуқаролар норозилиги ортмоқда. Сир эмаски, аҳолига табиий газ, электр энергияси катта қийинчиликлар эвазига етказиб берилаётганига қарамай, айрим олғир фуқаролар табиий бойликлардан ўғринча шахсий мақсадларда ноқонуний фойдаланиб давлатга миллиардлаб сўм зарар келтираётгани ҳам бор ҳақиқат. Бундай нохуш ҳолатларга йўл қўяётган қонунбузарларни деярли ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари халққа ошкор қилишаяпти. Табиий газ, электр энергиясидан тежаб тергаб фойдаланиш юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари ва депутатлар билан шу кеча-кундузда аҳоли орасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Айниқса, газ қуйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатларга ечим топилгани кўпчиликни мамнун этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Хамзаев томонидан Энергетика вазири номига аҳолида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатишда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳақида депутатлик сўрови юборилди. Ўйлаймизки, тез кунларда газ қуйиш шохобчаларидаги тирбандликлар олди олинади. Аҳолининг табиий газ, электр энергияси таъминотидаги узилишларига барҳам берилади. Бунинг учун биз партия фаоллари ҳам куну тун ишлаяпмиз.

Қўйли Нарзуллаев,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+