Танқид ва таҳлил келгусидаги фаолият ривожига хизмат қилади

11.11.2020 11:11:47

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан партиянинг навбатдаги IV Пленуми бўлиб ўтди. Мазкур Пленумда вилоят Кенгаши ходимлари, партиянинг шаҳар, туман Кенгашлари раислари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, БПТ раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши фаолиятининг 2020 йил III-чорак якунлари ва партия вилоят Кенгашининг келгуси дастурий вазифалари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлариги депутатлик гуруҳларининг 2020 йилнинг ўтган даври давомида  амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан кўриб чиқилди.

Пленум кун тартибида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурини амалга оширишда
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгашининг иштироки ҳамда партиянинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти ва келгусидаги устувор вазифалари юзасидан партиянинг вилоят Кенгаши раиси О.Шукуров, партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосарлари Ж.Қаршиев ҳамда П.Ҳамзаевларнинг ахборти эшитилди.

Қолаверса, 2020 йил давомида партиянинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишларга асосий эътибор қаратилди. Бунинг натижасида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши таъминланди ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилди. Шу билан биргаликда пандемия даврида депутатларнинг халқимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борган самарали фоалияти эътироф этилди.

Партия аралашуви билан ижобий ечимини топган масалалардан  бири соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммоларни ташкил этади. Бунда асосан, фуқароларнинг соғлиғини тиклаши учун ордер олиш, дори-дармон билан таъминлаш, патронаж хизмати доимий равишда ногиронлиги бўлган шахслардан ҳол аҳвол сўраш орқали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, жойларда аҳолини қийнаётган газ, электр таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви муаммолари, ички йўлларни таъмирлаш каби масалаларни бартараф этиш партиянинг доимий назоратида бўлди. 

Шунингдек, йиғилишда партия аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки орқали халқ ишончига сазовор бўлаётганлиги эътироф этилиб, шаҳар ва туман Кенгашлари фаолиятини янада жонлантириш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди. Пленум сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан керакли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, вилоят Кенгаши олдида турган келгусидаги мақсад ҳамда вазифалар белгилаб олиниб тегишли қарорлар қабул қилинди.

    

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+