“Тақдиримдан хурсандман!”

27.12.2019 12:12:30

Саноқли кунлардан сўнг асримизнинг яна бир йили тарих бўлиб қолади. Ўтган даврда юз берган воқеаларни эсга олсак, албатта, ҳар биримизнинг ҳаётимизда қувончли воқеалар кўп юз берганлиги ойдинлашади. Энг аввало, юртимизда тинчлик ва хотиржамлик барқарорлиги ҳаммамизга қувонч бағишлайди.

 Қолаверса, ҳар бир киши тақдирида ўзгариш юз берганлиги диққатга сазовордир. Масалан, кимдир мактабни ёки олий ўқув юртини битирган, бошқа бир киши янги уйга кўчиб кирган ёки автомобиль сотиб олган. Яъни, ҳар бир инсонда кечирган кунидан миннатдорлик туйғуси бор.

Энди ўз ҳақимда сўзлайдиган бўлсам, тақдиримдан мамнунлигимни баралла айта оламан. Биринчидан, бу йил умримнинг муборак етмишинчи довонидан ошдим. Иккинчидан, юртимизда ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устозлар шарафланаётган кунларда яна бир ажойиб воқеа содир бўлди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Буни албатта,  камтарона меҳнатимнинг юксак  эътирофи сифатида қабул қилдим.

Яна бир эътиборли жойи шундаки, давлатимизнинг юксак мукофоти билан биринчилар қаторида муборакбод қилганлар “адолат”чи сафдошларим бўлишди. Чунки қарийб цигирма йилдан бери партия сафидаман. Бир неча йил партия вилоят кенгашини бошқардим. Ана шу даврда “Адолат” СДП ташкилотларининг нуфузи ҳар томонлама ошди. Аъзолар сони кўпайди, уларнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланди. Париядошларимизнинг ҳозирги авлоди биз бошлаган ишларни муваффақиятли давом эттираётганликларидан бениҳоя мамнун.

Ҳозир ҳам нафақада бўлишимга қарамай, жамоатчилик ишларида фаол қатнашаман. Партиянинг вилоят ва шаҳар кенгашлари ходимлари турли тадбирларга таклиф этиб туришади. Уларда бажонидил қатнашаман. Билганларимни ёшлар билан ўртоқлашаман. Уларнинг фикрини ҳам тинглайман. Зарур ҳолатларда йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бераман.

Ростини айтсам, шундай улуғ ёшда давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганлигим кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Бундан кейин ҳам таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлида астойдил меҳнат қилавераман. Бу билан “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури бажарилишига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман. Зотан мазкур ҳужжатда ҳам айнан мана шу масалаларга катта эътибор қаратилган.

Байрам арафасида барчага эзгу тилакларни йўллаб, партиямизнинг жамиятдаги нуфузи янада ошишини тилайман.

 Ҳамид АҲМАДХЎЖАЕВ,

“Адолат” СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-технология институти профессори.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+