Тарғибот ҳафталигида аҳоли муаммолари ўрганилди

18.01.2021 15:01:33

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтган  ҳафта “Мурожаатнома: моҳият ва таклиф” шиори остидаги тадбирлар жамланмасига асосланган тарғибот ҳафталиги фаоллик билан давом этди.  Уйма-уй  юриш жараёнини ўзида ифодалаган тарғиботлар давомида аҳолини ўйлантириб келаётган қатор масалалар ҳам ўрганилди.   Ҳар бир депутат ўзи сайланган округдаги маҳаллалардаги хонадонларга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида акс этган асосий тушунчалар, ислоҳотлар ва чора-тадбирларнинг ижроси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришар экан, сайловчилар томонидан  ўз ечимини кутаётган масалалар депутатларга маълум қилинди. Навбатдаги  манзил Сайҳунобод туманининг “Пахтабод” маҳалласи бўлди. Шу ҳудуддан сайланган  туман Кенгаши депутати Истад Бекназаров маҳалланинг “Анорли” кўчасидаги хонадонларга бирма-бир кириб аҳоли вакиллари билан тарғибот ишларини олиб борар экан, 76-уйда истиқомат қилувчи Набижон Жобировнинг мурожаатига беэътибор бўлмади. Яъни  Набижон Жобиров 1-гуруҳ ногирони бўлиб  айни вақтда қаровчисиз қолган. Шунингдек  мурожаат эгаси айни қиш кунларида ичимлик сувини узоқдан ташиб келишига тўғри келаётгани ва бу ҳолат унинг учун ноқулайликлар келтириб чиқараётганини айтиб ўтган.

Худди шу мазмундаги мурожаат эса 4-уйда истиқомат қилувчи, 1-гуруҳ ногирони Рўзимурод Хайруллаев томонидан ҳам билдирилган. Яъни Рўзимурод Хайруллаев имконияти чекланганлар рўйхатида туришини, турмуш ўртоғи унга қаровчи эканлигини лекин шунга қарамай давлат томонидан  турмуш ўртоғига маблағ тўланмаётгани ҳақида маълум қилган.   Депутат Истад Бекназаров томонидан ушбу мурожаатлар қабул қилиниб, тегишлилиги бўйича мутассаддиларга депутат сўровини жўнатди. Шунингдек ушбу фуқароларга Президент мурожаатномасида белгилаб берилган ислоҳотлар ва имкониятлар  ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

   Кейинги манзил Гулистон шаҳрининг “Намуна” маҳалласи бўлди. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Абдиқул Отабоев  маҳалладаги ҳар бир хонадонга ташриф  буюриб, Президент мурожаатномасининг мазмун-моҳияти билан аҳолини батафсил таништирди. Шунингдек  маҳалла аҳолисини ишсизлик билан боғлиқ мурожаатига ечим топишга киришиладиган бўлди. Яъни, маҳалла аҳолиси орасидан ишга лаёқати ва имконияти бор аммо иш ўрнини топа олмаётганлар учун кўчма мехнат ярмаркаси ташкил қилинадиган бўлди. Бу орқали депутат шаҳардаги ишлаб чиқариш ташкилотлар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари рўйхатини тузади ва мутахассислиги бўйича аҳолини иш ўринлари билан таништиради. Натижада ишсизлар сони камаяди. Шунингдек, депутатлар томонидан маҳаллаларда ташкил этиладиган ўқув курслари ҳақида ҳам аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби      

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+