Термиз туманида Конституция билимдони аниқланди

21.11.2023 11:11:25

“Адолат” СДП Термиз туман Кенгаши томонидан Термиз туман касб-ҳунар мактабида ўтказилган “Конс­титуция билимдони” кўрик-танлови ўтказилди. Кўрик-танловнинг туман босқичида халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.
 Тадбирни партиянинг Термиз туман Кенгаши раиси Шухрат Хаитов очиб берар экан, янги таҳрирдаги Конституция юртимизда олий мақомдаги қонун сифатида давлат қиёфаси, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузилиши, бошқарув­нинг демократик принцип­лари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатланиши ҳамда маънавий қадриятларимиз асослари мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир қатнашчилари белгиланган шартлар асосида пухта тайёргарлик кўришганлигини, мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида ўз тушунчасига эга эканлигини улар тайёрлаган фотоальбом, иншо ва шеърий намуналаридан иборат кўргазмаларида намоён этишди. Ёшлик шижоати жўшиб турган ўғил-қизлар ҳар бир шарт бўйича ўзларининг ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатидан билимли экани билан ҳакамларнинг, устоз мураббийлар ва тенгдошларининг олқишига сазовор бўлишди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, танловда касб-ҳунар мактабининг 2-гуруҳ ўқувчиси Муҳайё Муродова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Кўрик-танлов ғолиблари ҳамда иштирокчилари “Адолат” социал-демократик партияси Термиз туман Кенгашининг махсус диплом ҳамда эсдалик совғаларибилан тақдирландилар.
                                   

 Гулчеҳра Турдиева,
Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+