Тезликни ошириш аварияларнинг асосий сабабчиси бўлмоқда

29.07.2021 22:07:29

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Нурота туманида Самарқандга кетиш йўлларининг абгор ҳолатда эканлиги — йўлларда ЙТҲлар содир бўлишига сабабчи эканлиги, видеодаги ҳодисада тан жароҳати олганларга "Тез ёрдам" келолмаганлиги, сабаб ушбу ҳудудда мобил телефонларнинг антенаси йўқлиги тўғрисида видеолавҳа эълон қилинди.

Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расмий саҳифаси (YHXBB_UZ)да ўз муносабатини билдирди. Бошқарма муносабатида жорий йилнинг 28 июль куни соат 16:20 ларда, Навоий вилояти, Нурота тумани, “Қадоқ” МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-55 автомобиль йўлининг 76-километрида ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган Б.П. "Нексия-3" русумли автомобилда ҳаракатланаётиб бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада, йўловчи, 1982 йилда туғилган Х.К. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Нурота тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумот берилган. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш қонунчилик масалаларининг асосий ташаббускори ҳисобланган Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан ушбу ҳолат атрофлича ўрганилди.

Хабарда йўлларнинг абгор ҳолатда эканлиги, "Тез ёрдам" машинаси келолмаганлиги, мобил алоқа йўқлигидан воқеа гувоҳларининг норозилиги акс этган. Маълум бўлишича, воқеа содир бўлган ҳудуд Нурота туман марказидан 70 км, вилоят марказидан эса 130 км узоқликдаги тоғли ҳудуд ҳисобланади.

Воқеа содир бўлган “Қадоқ” МФЙ раиси Э.Дўсматовнинг фикрига кўра ушбу йўл вилоятнинг Нурота туманини Самарқанд вилояти Қўшрабод тумани билан боғловчи асосий йўл (трасса) бўлиб, йўлнинг ҳолати талаб даражасида. Мазкур йўл тарнспорт ҳодисасига ҳайдовчининг ўта юқори тезликда ҳаракатланганлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бунга ҳалокатга учраган машина тормози 15 метр масофагача сирпаниб борганлиги ҳам кўрсатиб турибди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Шавкат Халиловнинг айтишича, хабар етиб келгач, биз томонимиздан зарур чоралар кўрилди. Бунгача  воқеа гувоҳлари томонидан йўловчи машинада жабрланувчи қўшни Қўшрабод туманига олиб кетилган.

Нурота туман телекоммуникация боғламаси бошлиғи Ҳусан Боқиевга кўра, воқеа содир бўлган “Қадоқ” МФЙ ҳудудида 3 та алоқа компанияларининг (UMS,UCELL ҳамда UzMobile)  антеналари ўрнатилган. Бироқ, мазкур маҳалла, умуман бутун туман тоғли ҳудудда жойлашганлиги сабабли уяли алоқа антеналари асосан аҳоли яшаш пунктларида ўрнатилган. Шу боисдан йўл бўйларида уяли алоқа хизматларида муаммолар бўлиши табиийлиги, айрим ҳолларда эса туман марказининг чекка қисмларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади.  

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги вақтда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатларига нисбатан жарималар миқдори қанчалик оширилмасин, йўл транспорт ҳодисалари сони кескин ортиб бормоқда. Бу эса ҳар йили юзлаб, минглаб инсонларнинг ҳаётига нуқта қўймоқда.

Видео лавҳада акс этган ҳолатлардан ҳам кўриниб турибдики, ён атрофимизда содир бўлаётган воқеа ҳодисаларда фавқулодда вазиятларда юртдошларимиз биринчи навбатда ўз ёрдам  қўлларини чўзиш, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ўрнига қўл телефонлари орқали видео тасвирга олиш, уни оммага эълон қилиш, шов-шув кўтаришга бу орқали қайсидир ташкилотларни айблашга интилмоқдалар.

Шу ўринда яқиндагина Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудида автоҳалокат натижасида вафот этган таниқли ўзбек спортчиси Мурод Хонтўраев бўлган ҳодиса ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

 

Рустам ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Навоий

вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+