Тинчлик ва осойишталикни қадрлайлик!

26.02.2024 12:02:25

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши Фарғона давлат университети билан ҳамкорликда Чет тиллари факультетида “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида ёшлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, шаҳар Кенгаши депутати Бунёд Аҳмадалиев, Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Санжар Отажонов, бошқарма катта инспектори подполковник Дилором Абдуллаева ҳамда ушбу факультет фаоли Гулчеҳра Қодирова иштирок этдилар.


Учрашувда сўз олганлар шаҳарда содир этилган жиноятлар, уларнинг таҳлили ва келиб чиқиш сабаблари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича атрофлича маълумот бериб ўтишди.
— 2023 йил давомида содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни таҳлил этар эканмиз, улар орасида қизлар ва фарзанд тарбиячиси бўлган аёлларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол, - деди Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Санжар Отажонов. - 12 ойда жиноят содир этган аёлларнинг 17 нафари вояга етмаган, 98 нафари ёшлар, 24 нафарини эса, муқаддам судланган хотин-қизлар ташкил этади.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўтган йилнинг 12 ой давомида 125 нафар жисмоний ва руҳий тазйиққа учраган аёлларга ҳимоя ордерлари берилган. Тазйиқ ва зўравонлик ўтказган, ҳимоя ордери чекловларини бузган 18 нафар шахс эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 206-1-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.
- Аёл, аввало она. У миллат тарбиячиси. Шу боис ҳам биз ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар олдини олиш учун огоҳ бўлишимиз, унга қарши муросасиз курашимиз зарур, - деди “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, шаҳар Кенгаши депутати Бунёд Аҳмадалиев. — Ўзбекистон дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиши ва халқимиз тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун ҳам, лоқайдлигимиз ортидан қайсидир яқинларимиз жиноят кўчасига кириб кетиши ёки жиноят қурбонига айланмаслиги учун ҳамкорлигимиз ва амалий ҳаракатларимиз муҳим.
Мутахассисларнинг мулоқотларидан сўнг хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик, одам савдоси, кибержиноят ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мавзуларида тайёрланган ижтимоий роликлар талабаларга намойиш этилди.
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб олишди.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+