Томорқадан ризқ излаб...

19.04.2020 10:04:24

Шу кунларда бутун дунё халқлари қатори Ўзбекистон аҳли ҳам мураккаб ва синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Коронавирус аталмиш зарарли офат ҳужумини бартараф этиш ҳамманинг асосий мақсадига айланган. Ҳамма ерда карантин ва “ўзини ёлғизлаш” чоралари кўрилмоқда, касаллик аниқланган шахслар эса даволаниб, одатий ҳаёт бағрига қайтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарияти шу билан бирга иқтисодда бўҳронга йўл қўймаслик, хусусан, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Бу сиёсатни кенг жамоатчилик қатори биз, депутатлар ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватласак, фойдадан холи бўлмайди. Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги мен етакчилик қилаётган “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари ҳам бу борада изчил иш олиб бормоқдалар. Албатта, бунда карантин талабларидан келиб чиқиб, эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда иш олиб бормоқдамиз. Мақсад – аҳоли ўз томорқаси имкониятларидан қандай фойдаланишини аниқлаш. Бу борада бой тажриба тўплаган инсонларнинг иш усулларини кенг тарғиб қилиш, у ёки бу сабабга кўра кўнгилдагидай ҳосил ололмаётганларга ҳам тегишли ёрдам кўрсаатиш.

  Кейинги икки кунда сайлов округим ҳудудидаги “Бешкетмон” ва “Қозоқовул” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳолатни ўргандим. Аҳолининг кўпчилик қисми ҳозирги карантин кунларида ўз томорқасида иш билан бандлиги кишини қувонтиради. “Бешкетмон”да МФЙ раиси Ҳафиза Абдуғаффорованинг айтишига қараганда, 487 та хонадон мавжуд. Уларнинг ҳар бирида тўрт сотихдан ўн сотихгача экин майдони бор.

Масалан, Ҳасан Толқонов Бахт кўчасида истиқомат қилади. Унинг ҳовлисига кирган киши хонадон эгаси деҳқончилик илмидан яхши хабардор эканлигига ишонч ҳосил қилади. Бу ерда сабзовотлардан сабзи, пиёз, картошка экилган. Дуккаклилардан ловия ва нўхот яхши ривожланмоқда. Эгатларда биронта бегона ўт ёки кесак кўринмайди, тупроқ худди қум сингари юмшоқ ва майин. Ўз вақтида суғорилган ва чопиқдан чиқарилган. Бундай шароитда  экинлар баравж ривожланиши аниқ, албатта. Шу кўчадаги Нурилло Мирзаалиев, Мамаризаев кўчасидаги Муҳибилло Мирзаев, Муҳаммаджон Усмоналиевнинг ҳовлиларидаги экин майдонларида ҳам ҳосилдорлик юқори бўлиши яхши кўзга ташланиб турибди.

“Қозоқовул” маҳалласида ҳам ўз томорқасини яшнатаётган миришкорлар талай экан. Айниқса, Илёс Холқўзиев иссиқхонада лимон етиштиришнинг ҳадисини олган. Бу ердан чиққан маҳсулот Косонсой ва Наманган бозорларида ўз харидорини тез топади. Чунки уларнинг кўриниши ниҳоятда чиройли, мазаси барчага маъқул тушади. Заҳрохон Нишонова ва Лолахон Умматалиева ҳам ўз ихтиёрларидаги ер майдонларининг имкониятларидан унумли фойдаланмоқдалар. МФЙ раиси Умаржон Воҳидов бундай миришкорлар тажрибасини кенг ёйиш бўйича маҳалла фаоллари изчил иш олиб бораётганликларини айтди. Тез орада маҳалладаги 508 та хонадоннинг барчасида мўл-кўл мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилса, ажаб эмас.

Биз депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан биргаликда тез орада ўзимизнинг сайлов округларимизда томорқалардан фойдаланиш масаласини муҳокама қилишни  маслаҳатлашдик. Тадбир, албатта, ҳозирги  шароитдан келиб чиқиб, вебинар усулда ўтказилади. Кейинчалик эса тумен кенгаши сессияси кун тартибига  киритишни режалаштирдик.

Исроил ЖЎРАЕВ,

халқ депутатлари

Косонсой туман кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+