Тўрақўрғонда тарғибот тадбири

16.10.2019 14:10:10

Тўрақўрғон тумани марказидаги ёзги амфитеатр биноси кенг жамоатчилик вакиллари – ёшлар ва фахрийлар, аёллар, талабалар, ишчи-хизматчилар  билан тўлди. Атроф “Адолат” СДПнинг ғоя ва мақсадларини ифодаловчи шиор ҳамда паннолар билан безатилган. Ёқимли мусиқа садолари, халқимиз севган қўшиқларнинг янграши дилга ҳузур бағишлайди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбир ана шундай кўтаринки руҳда бошланди.

Дастлаб партиямиз вакиллари иштирокида митинг ўтказилиб, унда бу йилги сайловлар арафасида олға сурилаётган энг муҳим вазифалар ҳақида сўз юритилди. Жамиятнинг барча жабҳаларида коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириб, фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат бепул бўлишига эришиш, олий таълим муассасаларида ҳар бир йигит-қиз ўқиши учун шароитлар яратиш каби қатор долзарб масалалар ўртага ташланди.

Партия вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, фаоллардан Саидолим Абдураҳмонов, Ёрқиной Ҳожиматова, Ҳабибахон Мирабдуллаева, Заҳрохон Аҳмедова ва бошқалар юқорида тилга олинган мавзуларда қисқа ва лўнда фикрлар билдириб ўтдилар. Баён этилган мулоҳазалар тадбир қатнашчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Мирмуҳсин Мирзокиров, Тўрақўрғон туман “Давр” газетасининг масъул котиби:

– Мен журналист сифатида мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ҳаётда юз бераётган воқеаларни мунтазам кузатиб бораман. Бугунги кунда декабрь охирида бўладиган сайловлар оммавий ахборот воситалари энг кўп мурожаат қилаётган мавзулардан бирига айлангана барчага аён. Сиёсий партиялар фаолиятига келсак, “Адолат” СДП олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари аниқ йўналишларга эгалиги, жозибадорлиги ва таъсирчанлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бугунги тадбирда ҳам иштирокчилар партия олиб бораётган сиёсатдан, сайловолди дастуридаги энг муҳим вазифалардан хабардор бўлдилар. Уларнинг халқчиллиги ва долзарблиги диққатга сазовор, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб, газетамизнинг навбатдаги сонида тадбир тафсилотларини ёритамиз.

Митингдан сўнг амфитеатр саҳнасига санъаткорлар чиқдилар. Улар ижросидаги шўх куй ва қўшиқлар қатнашчиларни рақсга чорлади. “Адолат сайли” ҳаммага завқ-шавқ бағишлади.

 Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+