Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

18.11.2023 20:11:29

Расмий муносабат     

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси regulation.gov.uz порталига “2024 йилда Тошкент шаҳар Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан янги ёндашувлар, инновацион ва “яшил технологиялар” ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Албатта, пойтахтимиз туманлари ривожланган давлатлар тажрибаси асосида янада обод этилиши, уларда инновацион, “яшил технологиялар”нинг ва замонавий усулларнинг жорий этилиши, тадбиркорлик ҳамда туризм салоҳиятининг ортиши барчамизни қувонтиради.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, экспертлари томонидан мазкур қарор лойиҳаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил этилганида унда режалаштирилаётган айрим масалалар юзасидан саволлар юзага келди.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, Чилонзор тумани ҳудудидан Дўмбиробод, Кичик ҳалқа йўли, Дилхуш 2-тор кўчаси кесишмалари оралиғида жойлашган йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари ва хизмат кўрсатиш объектларини реновация асосида кўп қаватли қилиб қайта қуриш ҳамда биринчи қаватида янги замонавий хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, хусусан, уни амалга оширишнинг қатъий талаб ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмасдан туриб, бу борада лойиҳаларнинг амалга оширилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларига путур етказиши мумкин.

Шу сабабли, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур қарор лойиҳасини реновацияга оид қонунчилик асослари мавжуд эмаслигини  ҳамда кенг жамоатчилик, шу жумладан Чилонзор тумани аҳолиси билан ҳар томонлама муҳокама қилиб, уларни фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон “Адолат”
социал-демократик партияси
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+