Туризм соҳасидаги янги имкониятлар белгилаб берилди

30.04.2022 13:04:46

Ўзбекистон - сайёҳлик соҳаси кенгайиб бораётган мамлакатлардан бири бўлиб, Ўрта Осиёнинг кўплаб шаҳарлари Шарқий ва Ғарб цивилизациясини боғлайдиган Буюк ипак йўлидаги асосий савдо нуқталари бири бўлган. Туризм соҳасида катта имконият ва ўзига хос туристик салоҳиятга эга бўлган мамлакатимиз ўзининг қадимий қадамжолари, тарихий обидалари ва маданий ёдгорликлари, муқаддас зиёратгоҳлари, археологик, меъморий ва табиий бойликлари, шу билан биргаликда, хушманзара табиати ва файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этади.

Она юртимизни Шарқ маданияти ва тарихининг маркази сифатида халқаро майдонга олиб чиқиш ва унинг ижобий томонларини бунданда мукаммал намойиш этиш, юртимизда туризмнинг барча турларини ривожлантириш орқали иқтисодиётни тараққий топтириш ва халқ фаровонлигини янада юксалтириш масаласига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масалалар яна бир бор муҳокама қилинди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан туризм вазири, унинг янги тайинланган ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ва туризм бўйича муовинларига туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш энг устувор вазифа этиб белгиланди. Туризм ва унга турдош соҳаларда камида 200 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди. Шу билан биргаликда туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтилди.

Шунингдек йиғилишда ички туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги кўрсаткични 10 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг имкониятлари ҳам белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, ички туризмни ривожлантириш нафақат бир ташкилот ё туризм субъектлари, балки Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсонга боғлиқдир. Бу борада барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, мамлакат иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланган туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшсак, янги иш ўринларининг яратилиши ва шу орқали ушбу юртда яшовчи кишиларнинг турмуш тарзини яхшиланиши учун ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Умида БЎРАНОВА,

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати,

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+