Уйчида ҳам партиядошимиз депутат бўлди

08.08.2022 16:08:01

Июль ойида “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти оралиқ сайловларда иккита депутатлик ўрнига эга бўлганди. Халқ депутатлари вилоят ва Норин туман Кенгашларига сафдошларимиз депутатликка сайлангандилар. Шу ҳақда оммавий ахборот воситаларига материал тайёрлаганимизда бу анъана августда ҳам давом этса ажаб эмас, деб ният билдирган эдик. Қарангки, ойнинг биринчи ҳафтасидаёқ қувончли натижа қайд этилди.

Ўтган якшанбада Уйчи тумани халқ депутатлари кенгашига 20-Қумтепа сайлов округида  бўшаб қолган ўринга сайлов ўтказилди. Унда партиямиздан кўрсатилган номзод – Раҳмонберди Исмоилов ғолиб чиқди. Сафдошимизни биринчилар қатори “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Собитхон Нормирзаев табриклади. Биз ҳам ундан эришилган муваффақиятни шарҳлаб беришни илтимос қилдик.

 – Сайловда асосий масала – ҳеч шубҳасиз,  номзодни тўғри танлаш, - дейди С. Нормирзаев. – Мана шу  мезон тўғрилиги яна бир бор исботланди. Раҳмонберди аввалроқ партиямизга аъзо бўлганди. У ички ишлар органларида ишлаб, истеъфога чиққан. Ўзи шу ерлик, ҳамма танийди, обрўси ҳам ёмон эмас. Боз устига яқинда “Қумтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди. Шулардан келиб чиқиб, биз унинг номзодини кўрсатгандик. Адашмаганимиздан хурсандман.

Раҳмонберди Исмоилов қисқа муддат ичида МФЙ раиси сифатида ҳам аҳоли ўртасида катта обрў қозонди. У ҳудудда ташкил этилган “Қумтепа” кичик саноат зонаси қурилишини тезлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда. Чунки КСЗ шу атрофда яшовчилар учун муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. Бу ердаги 3,1 гектарлик майдонда 52 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми металлни қайта ишлаш асосида турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашади.  Шу ҳисобига уч юзга яқин янги иш ўрни яратилади. Тадбиркорлик ҳаракатини янада кучайтириш  имкониятлари пайдо бўлади.

 -  Ёшлигимдан халққа хизмат қилиш ҳар биримиз учун  муқаддас бурч эканлигини яхши биламан, - дейди Раҳмонберди Исмоилов. -  Йигирма йил юрт тинчлигини қўриқлашга ўз ҳиссамни қўшдим. Ҳозир маҳалладаги инсонларнинг турмуш фаровонлигини оширишга масъулман. Депутат бўлганимдан кейин эса масъулиятим ва ваколатларим ошди, деб ҳисоблайман. “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини, партиянинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қиламан.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+