Умиджон Сулаймонов: Чиройли автомобил рақамлари фақат "акахон"ларга берилишига қачон чек қўйилади?

23.09.2019 17:09:58

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги қарори асосида мамлакатимизда 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рўйхат рақамларини оширилган тўлов ставкалари бўйича, шу жумладан кимошди савдосини ўтказиш йўли билан танлаш тартиби жорий этилди.

Бу янгилик аҳоли томонидан илиқ қарши олинди, барчага ўзининг имкониятига қараб ўзи хоҳлаган харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рўйхат рақамларини танлаш ва аукцион орқали шаффоф ва рақобатдошлик асосида харид қилиб олиш имконияти яратиб берилди. Бир сўз билан айтганда, адолат таъминланди.

Ўз навбатида, ушбу тартиб жорий этилиши натижасида Давлат бюджетига қўшимча маблағлар келиб тушиши таъминланди. Ўтган икки йил мобайнида унинг ҳажми 250 миллиард сўм атрофида бўлди.

Энг асосийси, бу тартиб жорий этилиши билан соҳада турли коррупцион ва суиистеъмоллик ҳолатларга ҳамда аҳолининг норозилигига барҳам берилишига эришилди.

Лекин бизнинг “ишбилармон” айрим шахсларимиз томонидан мазкур соҳада бошқа йўллар орқали “ишни битириш” ҳолатлари ихтиро қилинди.

Жумладан, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан автотранспорт воситаларига давлат рўйхат рақамларини бериш амалиёти яқиндан ўрганилганида мазкур соҳада бир қатор камчиликлар ва муаммолар борлиги аниқланди. Яъни, бугунги кунда аукцион орқали сотилмайдиган айрим давлат рақами белгиларига нисбатан аҳолида юқори талаб бор. Кўзгусимон ҳамда иккита кетма-кет бир ҳил рақамли (масалан, 117, 171, 177, 272, 515, 717, 727 ва ҳоказо) давлат рақами белгилари талабгир ҳисобланмоқда.

Бундай турдаги давлат рақами белгиларини беришда шаффофликнинг йўқлиги, ички ишлар органлари ходимлари томонидан навбат асосида бериш қоидасига ҳар доим ҳам риоя қилинмаслиги, жойларда таниш-билиш, турли кўринишдаги “илтимос”лар орқали “ишни битиришга” олиб келмоқда. Натижада бу ҳолат коррупциоген вазиятни юзага келтирмоқда. Хусусан, “чиройли” давлат рақами белгиларини у ёки бу шахсга бериш тегишли бўлинма масъул ходимларининг хоҳиш-истагига боғлиқ бўлиб қолган.

Мазкур масалани бартараф этиш ва аҳолидаги норозигарчилик ҳиссиётини бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан Ички ишлар вазирлигига 3 марта тегишли қарорлар асосида таклифлар киритилган.

Жумладан, давлат рақами белгиларини бериш тизимини қайта кўриб чиқиш ва қайси фуқарога қандай рақам берилишини компьютер ихтиёрига қолдириш, ҳамда “чиройли” кўзгусимон ва талабгир рақамларни кимошди савдоси орқали танлаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар берилган эди.

Бироқ, шу кунга қадар бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Ҳанузгача “фалончи ака” ёки турли “илтимос” орқали ишни битириш амалиёти сақланиб, ривожланиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида соҳада турли шубҳали, коррупцион ва суиистеъмоллик ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Барча соҳалар каби ушбу соҳада ҳам биз адолатни, шаффофликни таъминламас эканмиз, ривожланишда турли тўсиқларга учрайверамиз.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!