Узоқ истиқбол кўзланган мурожаат

31.12.2020 15:12:20

Янги 2021 йил халқимиз учун фаровонлик, хотиржамлик ва соғлик-омонлик йили бўлиши лозим. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатини халқаро конгресслар марказида туриб эшитар эканман, ана шундай фикрлар қалбимдан мустаҳкам жой эгаллади.  Чунки ўтаётган 2020 йил  нафақат бизга, балки дунё афкор оммасига катта ташвишлар, йўқотишлар ва шу билан биргаликда тажрибалар олиб келди. Дунё 2021 йилга бутунлай бошқа қарашлар, муносабатлар ва тушунчалар билан қадам қўймоқда. Шу жиҳатдан олганда, Президентимизнинг юқори минбардан туриб айтган ҳар бир гапларини юзма-юз  ўзгача ҳаяжон ва фикр-мулоҳазалар билан тингладик.

Президентимиз айтган бир жумла қалбимдан мустаҳкам жой эгаллади: “Келгуси йилда халқимиз хотиржам бўлиши лозим!”.

Хотиржамлик нима ўзи? Кимки, жамиятда тутган ўрнидан, ишидан, ҳаётидан,  турмушидан, саломатлигидан, фарзандларидан ва келажагидан кўнгли хотиржам бўлсагина ҳақиқий саодатга эришади. Куни кеча мурожаатда инсон омилини юксалтириш бўйича ана шу жиҳатларнинг ҳар бирига юқори эътибор қаратилди, десак асло муболаға бўлмайди. 

Мурожаатда ҳар бир соҳага, унинг мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида қўшиладиган ҳиссасига алоҳида тўхтаб ўтилди. Мактабгача таълим, умумий ўрта ва олий таълим, ёшларнинг ва алоҳида ўринда қиз болаларнинг ҳар жиҳатдан камолати, хотин-қизлар масаласи, тадбиркорлик субъектларига яратиладиган  имтиёзлар,  соғлиқни  сақлаш муаммолари, ОАВнинг очиқлик-ошкоралик давридаги ўрни ва мавқеи – барча-барча йўналишлар бўйича истиқболли устувор вазифалар белгилаб олинди. 

Давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назорати остида бўлиши, келгуси йилдан банклараро валюта бозори онлайн тизимга ўтказилиши, тадбиркорларга валюта маблағларини банкнинг ўзида сотиб олиш имкониятларининг яратилиши иқтисодий ривожланишга янада ҳисса қўшишига аминмиз. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши, аҳолининг иш билан таъминланиши ва маълум қатламдаги камбағаллик даражаси камайишига шароит яратади. Чунки пандемия даврида юртимиз тадбиркорлари халқ учун жуда катта савоб ишларни амалга оширишдики, буни юртбошимиз ҳам алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, пандемия бизга ҳали жуда кўп жабҳаларда муаммолар борлиги ва уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигини кўрсатиб берди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида давлатимиз томонидан тезкор кўрилган пухта тадбирлар туфайли халқимиз пандемияни енгиб келмоқда. Бу давлат ва жамият бир бўлсагина улкан ишлар юзага келишини англатди. Энди аҳоли саломатлиги йўлида бошланган ишларнинг давомийлигини таъминлаш, юқори сифатли вакциналар билан аҳолини эмлаш, ҳомиладор аёллар, оилаларга, уларда тарбияланаётган болалар, хотин-қизлар ва нуронийлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида узоқ истиқбол кўзланган режалар руҳлантириш билан бирга, ҳар биримизнинг дилимизда хотиржамлик туйғуларини уйғотди. Айниқса, Президентимиз 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилганда бу туйғулар мустаҳкам ишонч ва мақсадга айланди.

Биз, депутатлар,  ҳокимият  вакиллари,  маҳаллий органлар ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик – барчамиз мазкур вазифаларни амалга оширишда, юртимиз ривожланиши, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳиссамизни қўшишимиз, очиқ-ошкоралик даврида нуқсонларга муросасиз бўлишимиз талаб этилишини яхши тушуниб турибмиз. Ҳар бир вазифага виждонан ёндашиб,  ҳалол  меҳнат қилсак, эл-юрт ишончини қозона олсак, халқимиз ана шундагина хотиржам ва рози бўлади.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

 Халқ  депутатлари

Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+