Узоқ муддатли рақобат сиёсатини ишлаб чиқиш пайти келди

03.01.2020 11:01:13

 

Мамлакатимизда узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга чуқур илмий таҳлил қилинган ҳолда бугунги кун нуқтаи назаридан холисона баҳо бериш билан бир қаторда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари, бу йўналишлар бўйича олдимизда турган аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича туб ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарор, ижобий ўсишини таъминламоқда.

Бунда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, валюта бозорини эркинлаштириш, юқори ликвидли товарларни сотишнинг бозор усулларини жорий этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратди ҳамда иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам замин яратди.

Шу билан биргаликда бугунги кунда мамлакатимизда рақобат муҳитини шакллантириш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ички бозорда хам, ташқи бозорда ҳам юқори рақобатбардошлигини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида ишлаб чиқарилаётган, қайта ишланаётган маҳсулотларни ташқи бозорлардаги улуши салмоғи жуда камлиги сабабли, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, уни кескин суръатларда ошириш давр талабидир. Шундан келиб чиқиб “Адолат” СДП ўзининг сайловолди дастуридаги иқтисодиётга оид йўналишида асосий эътиборни мамлакатда рақоботбардош маҳсулот ишлаб чиқаришнинг бугунги кундаги муаммоларига қаратди.

Маълумки, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, барқарор ривожланишга эришиш учун аввало илғор инновацион иқтисодиётга эга бўлиш талаб этилади. Бунга эришиш учун эса барча товар ишлаб чиқарувчилар учун ички бозорда тенг рақобат имкониятларини, яъни қулай макроиқтисодий муҳит яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларда қўллаб-қувватлаш, иқтисодий тараққиётнинг бугунги босқичида давлат миллий манфаатлардан келиб чиқадиган ва жаҳондаги вазиятни ҳисобга оладиган узоқ муддатли рақобат сиёсатини ишлаб чиқилиши лозим бўлади.

Мамлакатимиз ҳаёти учун жуда муҳим сиёсий жараёнлар, яъни парламент ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловлар арафасида турибмиз. Сайловларга ҳар бир сиёсий партия ўзига хос мақсадлар, ғоялар, ташаббуслар, мамлакатдаги мавжуд муаммоларни ечими юзасидан ўзининг таклифлари ва уларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан кириб келади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакат иқтисодиёти соҳасининг айрим секторларидаги тадбиркорлик субъектларига солиққа тортиш борасида локал имтиёз ва преференциялар берилишини маъқуллайди. Мамлакатимизда тадбиркорлар ўртасида соғлом ва адолатли рақобатни таъминлаш, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенглик тамойили асосида солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш самарали тизимини шакллантириш орқали рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантирилишини қўллаб қувватлаймиз.

Иқтисодиёт соҳасининг айрим секторларидаги тадбиркорлик субъектларига солиққа тортиш борасида имтиёз ва преференциялар берилгани ва бунинг натижасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номутаносибликларни бартараф этиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратишга қаратилган норматив ҳужжатларни янада такомиллаштириш зарур деб биламиз.

Музафара АБДИЕВА,

67-Пастдарғом сайлов округидан

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+