Ваъда амали билан гўзал

06.08.2020 23:08:25

Маълумки, пандемия ҳар бир соҳага ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Юрт дардини ўз дарди деб билган депутатлар сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқиш мақсадида  якдиллик билан, карантин талаблари асосида фаолият олиб боришмоқда. Айни қийинчилик кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш каби масалалар депутатларнинг кундалик вазифасига айлангани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Хусусан, беш нафар депутатни ўз сафига бирлаштирган Қўшкўпир туман депутатлик гуруҳи аъзолари  ҳам зиммасидаги бу каби масъулиятни сидқидилдан адо этмоқда.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Манзура Артиқовани ҳар доим сайловчилари орасида учратиш мумкин. Депутат ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда ва ўз ҳомийлигида  тумандаги “Ўрта ёп” қишлоғидаги  50 дан зиёд кам таъминланган оилаларга зарур бўлган  озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, “Ифтиҳор” маҳалла аҳолиси  кўпдан ичимлик суви муаммосидан қийналаётгани ҳамда маҳалладаги 24 та хонадан жойлашган “Қадрият” кўчасининг йўли яроқсиз ҳолатга келиб қолгани боис, нохуш бахтсиз ходисалар содир бўлаётгани тўғрисида баён этишган эди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан маҳаллага ичимлик суви қувурлари ташланди ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланди.  Кўчанинг 2 км. дан зиёд масафасига асфальт ётқизилиб, йўловчилар азият чекиб келаётган  муаммолардан холи бўлишди.

Шу маҳаллада яшовчи боқувчисини йўқотган 1-гуруҳ ногирони, оила боши Гулбаҳор Мадатова саховатпеша инсонлар томонидан озиқ-овқат берилаётганига қарамасдан  моддий томондан қийналиб қолаётгани, газ, электр токидан ҳам  қарзлари анчага ошиб кетгани,  3 нафар қизи ишсиз уйда ўтиргани тўғрисида гапирди ва амалий ёрдам сўраб депутатга мурожаат қилди. Депутат бу муаммоларнинш ечимини топишга киришди ва мазкур хонадоннинг коммунал тўловларини хомийлар ёрдамида тўлаб беришга, учала опа-сингилни туман ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлашга эришди. Натижада ушбу оила аъзоларининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Депутат кўмаги билан яна бир хонадонга мунтазам равишда саховат улашилмоқда. Бибижон Раҳимованинг иккала фарзанди ҳамда қайнонасининг ногиронлиги боис бу хонадон доим депутат М.Артиқованинг диққат марказидан жой олган. Учрашувларнинг бирида  Б.Раҳимова фарзандларига дори-дармон олиш учун пул маблағига қийналаётганини ва қайнонаси Нина Гурнаянинг ногиронлик аравачасига эхтиёжи борлигини билдирган эди. Депутат хомийларни жалб қилган ҳолда ушбу оилага 1 миллион сўм берилди. Онахон эса ногиронлик аравачаси билан таъминланди.  

Депутатлик гуруҳи раҳбари Азизбек  Эркиновнинг саъй-ҳаракатлари билан “Ғозовот” қишлоғидаги “Меҳнат обод” ва “Илгалди” маҳаллаларига телефон алоқа симлари тортилди. “Меҳнат обод” маҳалласида ичимлик суви таъминоти маҳалла аҳолисининг кўп йиллик орзуси эди. Депутат ташаббуси билан маҳалла аҳолиси ичимлик суви муаммосидан батамом қутилди. Маҳалла ҳудудига ичимлик суви қувурлари ётқизилди ва аҳоли  ичимлик суви билан билан тўла таъминланди. “Ўзбек ёп” қишлоғидаги “Қароул” маҳалласида  пиёдалар йўлакчалари йўқлиги боис, шу ҳудудда жойлашган 35-42 сонли умум ўрта таълим мактабларига борадиган ўқитувчи ва ўқувчилар, пиёда йўловчилар учун қийинчиликлар туғдираётгани айниқса, ёғингарчилик пайтларида нохуш ҳолатлар тез-тез учраётгани ҳамда маҳалланинг болажонлари учун биронта ҳам мактабгача таълим муассасасининг йўқлиги А.Эркиновни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолардан бири эди. Депутат ваколатларидан фойдаланиб мазкур муаммолар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови билан мурожаат этди. Айни пайтда депутатлик сўровлари депутат томонидан назорат остига олинган.

Адамбой Эшчанов ҳам депутатлик гуруҳининг фаол аъзоларидан ҳисобланади. У ҳам айни синовли дамларда сайловчиларини эътибордан четда қолдиргани йўқ. Улар билан доим мулоқотда бўлди. Хомийларга мурожаат этган ҳолда ҳамда ўзи ҳомийлигида эҳтиёжманд оилаларни зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминламоқда. 10 та корхона-ташкилотларга 2 миллион сўм миқдорида  китоблар жамланмасини совға қилди. Шунингдек, “Кенегас” қишлоғи, “Қорамон” маҳалласи аҳолисининг маҳалла марказидаги “Бирдамлик” кўчаси ёзда чанг, қишда эса лойдан қийналишаётгани тўғрисидаги эътирозларини эътиборга олиб  туман йўллардан фойдаланиш унитар кархонаси раҳбари номига депутатлик сўрови чиқарди. Депутатлик сўровига жавобан мазкур кўчага жорий йилнинг 4-чорагида асфальт  ётқизиладиган бўлди.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Анвар Жуманиёзов ҳам ўз вазифасига маъсулият билан ёндошган ҳолда, сайловчилари ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда. “Янгилик” маҳалласи аҳолисининг  электр токининг пастлигидан аҳолининг маиший техника буюмлари куйиб қолаётгани тўғрисидаги мурожаатларини инобатга олиб, депутатнинг аралашуви билан маҳаллага катта кучланишли трансформатор ўрнатилди. Натижада, аҳолининг анчадан қийнаб келаётган муаммо ҳал бўлди. Ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар, касалмандлар  доим депутатнинг эътиборида.

- Соҳам тиббиёт бўлгани учун депутатлик фаолиятимда жуда қўл келмоқда - дейди, гуруҳнинг яна бир фаол аъзоси Гулсара Машарипова. - Пандемия даврида фуқаролар саломатлигини сақлаш зиммамга янада улкан вазифаларни юклади. Хонадонма-хонадон юриб аҳолига сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш, каронавирусдан сақланиш тартиб-қоидаларини фуқароларга бирма-бир тушинтириш билан бирқаторда уларнинг моддий етишмовчилигини қоплашга ҳам улгурдик. Зарурий –озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар билан таъминладик. Якка- ёлғизларнинг тумуш шароитини тиклаш, уй олди, томорқаларини саранжом-саришта қилишга эришдик.

- Инсонлари қадрланган юртда яшаш бахтини қайта дилдан туймоқдаман, -дейди Рустам Ўринов. – Уйимнинг олд қисми жуда таъмирталаблиги билан одамни ғашини келтирар эди. Г.Машариповага мурожаат, қилгандим зудлик билан таъмирлаб, чиройли кўринишга келтиришди. Қон босимим ҳам тез-тез ошиб турарди. Депутатнинг тиббий ёрдами билан аҳволим анча яхшиланди.

“Тонг юлдузи” кўчасига сув қувурлари ётқизилганига анча бўлган, аммо ичимлик суви етказиб берилмаётгани, асосий “Коинот” кўчаси йўллари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани боис қийналишаётгани тўғрисидаги “Тагалак” маҳалла аҳолисининг эътирозларини Г.Машарипова эътиборга олди ва тегишли ташкилот раҳбарлари номига депутатлик сўрови билан мурожаат этди. Хозирда депутатлик сўрови натижалари депутат томонидан назоратга олинган.

- Депутатлик гуруҳи аъзолари юртимизга каронавирус касаллиги кириб келганидан кейин хушёрлик ва маъсулиятни янада фаоллаштиришди,- дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Азизбек Эркинов. - Уйма-уй юриб карантин талабларига риоя қилиш, уйда қолиш, санитария-гигиена талабларига риоя этиш, фуқаролар соғлигини назорат қилиш, эхтиёжмандларнинг камини қоплаш  каби долзарб масалалар доирасида самарали фаолият олиб бордик. Аҳолини ваҳимага тушмаслиги учун маънавий ва руҳий маслаҳатлар бердик. Аммо ҳали олдимизда қиладиган муҳим ишларимиз талайгина. Фуқароларнинг муаммоларини имкон даражасида бартараф этяпмиз. Вазиятни эътиборга олган ҳолда,  кўпчилик муаммолар депутатлик сўровларисиз амалга оширилаяпти. Аммо, бу етарли эмас. Мансабдор шахсларнинг эшитуви, ҳудудни орқага тортаётган муаммоларни туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиш каби масалаларда хали орқадамиз. Депутатлик гуруҳи йиғилишида бу муаммолар ечимини топиш чора – тадбирларини ишлаб чиқдик. Тез кунда бу муаммолар ҳам бартараф этилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз қийин кунларни бошидан кечираётган бир пайтда фаолларимизнинг бу каби амалий ишлари  жамиятда қонун устиворлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, фуқароларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари орқали мамлакатимиз тараққиётини изчил ривожлантиришда  аҳамиятли экани шубҳасиздир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+