Якшанба мутолааси: Байрамга таклиф этилган жиноятчилар

05.01.2020 10:01:27

- Жамшид, кийимим қалай? Ўхшадимми?

- Гап йўқ! Қорқизнинг ўзисан! Грим қилсанг бас.

- Бошқа Қорбобо-Қорқизларнинг бозорини касод қилишимиз аниқ. Қани, ўзинг ҳам чопонингни ил-чи. Ёмон эмас. Фақат Қорбобога ўхшаб гапиришни ўргангин.

Жамшид ва Дилдора Янги йилгача хўп тайёрланишди. Ташқи кўриниш ҳақида бош қотиришдан ташқари тамоша учун сценарий тузишди, болаларни нима қизиқтириши ҳақида изланишди. Ҳали 25 га кирмаган бу икки шерик ҳозирги ёш болалар ва ота-оналарни нималар жалб этиши, Қорбобо ва Қорқизнинг ажойиб ўйинларини интернетдан қидириб топишди.

Ҳаш-паш дегунча байрам санаси ҳам етиб келди. Эрталабдан Қорбобо ва Қорқизимиз тадорикни бошлади.

-Негадир ҳаяжонланяпман, Жам. Балки шу шарт эмасдир.

-Қўйсанг-чи, ўйинбузуқилик қилма. Биринчи йил-да, ҳали тажрибанг йўқ, келаси йилдан устаси фаранг бўлиб кетасан. Асосийси, ўзингни қўлга ол. Ҳали болалар олдида ҳам дағ-дағ титраб турма тағин.

-Ахир бусиз ҳам пул топишимиз мумкин...

-Ҳой қиз, биз шунчаки пул топишга киришмадик, бизнес бошладик, унутма! Ҳозирги замонда ҳамма бўри, қўзичоқ қаҳат, тушундингми?! Чидагангга чиқарган! Бошладингми, қайтиш йўқ!

Йигит қизнинг чангаллаган ёқасини зарб билан қўйиб юборганди, деворга бориб урилди. “Бир гап бўлар, ахир ёлғизмасман-ку”, деб ўзини овутиб, йигитга эргашди.

Кечки пайт катта кўча юзида туришибди. Ўтган-кетгангга “Арзонгаров Қорбобо-Қорқиз хизматига марҳамат!”, дейишади. Асосий мижозлар машинада кетаётганлардан иборат.

-Қанча деяпсизлар?

-Икки юз минг сўм. Ками бор.

-Каминг қанча?

-Юз эллик.

-Йўғей, юз бераман.

-Бўпти, кетдик.

Дўстлар аввалдан келишиб олишган: кун кечга оғгани сари нархлар ошаверади. Энг қиммати соат 12 да, ахир Янги йилни Қорбобо ва Қорқиз билан бирга кутиб олиш кимга ёқмасди?! Ҳозир эрта, арзонга бораверса бўлади.

Илк хонадон эшигини қоқишди. Оилада 4 та бола бор экан.

-Салом, болажонлар! Сизларни кўришга узоқ ўрмонлардан келяпмиз. Хўш, айтингларчи, бугун қанақа байрам?

Иккита каттароқ бола қувнаб жавоб беришга киришди, яна иккитаси бир-икки ёш атрофида бўлгани учун дўриллаб гапираётган соқолли Қорбобони кўриши билан додлаб йиғлаб юборди.

-Болаларни ичкарига олиб кир - оила бошлиғи аёлига зарда қилди - Ҳали тушунмайди, десам, қўймай Қорбобо чақиртирдинг. Мана аҳвол!

-Йўқ, йўқ! – аёлдан аввал Қорқиз етиб бориб, болачани забт кўтариб олди. – Ўзимнинг асалим! Қара, манави сочимни ўйнагин. Шунақасини кўрганмисан? Заримни сенга берайми? Олақол!

Кичкинтой бир зумда Қорқизнинг ялтироқ зебларига маҳлиё бўлиб, йиғидан тўхтади. Хатто Қорқизнинг ажабтовур кокилини оғзига солмоқчи бўлганида бутун оила аъзолари қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Эртак қаҳрамонлари болаларни чин дилдан ўйнатаётгани, кичкиналарни қўлидан қўймай овутаётганини кўриб, ота-оналар хурсанд бўлишди. Аёл эрига “Бунақа меҳрибон Қорбобо-Қорқизларни биринчи марта кўришим, рақамини олволинг, кейинги йил ҳам чақирамиз”, деб шипшиб қўйди.

-Энди, болажонлар, бизни бошқа ўртоқларингиз ҳам кутяпти. Кетадиган пайтимиз бўлди. Ҳайр, келаси йил кўришгунча!

-Шошманг, бобожон! Эсдалик учун суратга тушмаймизми? – Қорқизнинг таклифини ҳамма бир овоздан маъқуллади.

Болаларни бағрига босиб суратга тушаётган Қорбобо ва Қорқиз бирдан уларга қаттиқ ёпишиб олди. Қалтис ҳаракатдан болалар ҳам бир сакраб тушди.

- Қани, бор пулларингни олиб чиқларинг! – Қорбобонинг даҳшатли овозда айтган гапидан уй эгаларининг юраги ёрилай деди – Тез-тез қимирлаларинг, болаларинг қўлимда турибди!

- Сен тиллаларингни олиб чиқ! Ё ўзим қидириб топайми? – Қорқиз аёлга ўдағайлади.

Гуноҳкор қўлларда сиқиб ушлаб турилган болалар чинқириб йиғлаб юборишди. Қорбобо ва Қорқиз уларнинг оғзини қўли билан юмганида, нафаси тиқилиб, бўғилиб қолай деди. Ота-онаси уларни халос қилиш илинжида уйдаги бор-йўғини ўз қўллари билан олиб чиқиб беришди. Қопга пачка-пачка пуллар ва тиллаларни тез-тез жойлаган икки “қаҳрамон” кўчага отилишди. Эшик тагида Қорбобо “Милиса-пилисани аралаштирмаларинг, ўзларингга ёмон бўлади” деб дўқ қилиб қўйди.

Ваҳшатдаги хонадон эгалари милицияга хабар бериб нимаям дейишарди? Ахир ҳамма Қорбобо-Қорқизлар бир хил бўлади. Яна улар ўғридек бостириб киришгани йўқ, ўзлари пул бериб таклиф қилишган. Куйиб қолганидан надомат чекишдан ўзга иложи йўқ уларнинг. Болаларни айтмайсизми? Энди улар бир умрга севимли қаҳрамонларидан қўрқишса керак.   

- Бошланишига ёмонмас-а, Диля?

- Ҳа, қотирдинг!

- Сенам чаккимассан! Болаларни чалғитишни бопладинг.

- Охирги гапингда-чи, кулгидан ўзимни зўрға тийдим. Ҳақиқий Қорбобонинг оҳангида айтдинг! “Милиса аралаштирмаларинг”муш!

- Жим, машина келяпти!

Яна бир хонадон мўжизали Қорбобо-Қорқиз ташрифидан завққа тўлди. Болалар мириқиб ўйнади, арча атрофида айланишди, эсдалик учун суратга тушаётганда эса...

-Ҳомтама бўлма! Мендан бир тийин ҳам ололмайсанлар! – ўз машинасида жиноятчиларни ўз розилиги, наинки розилиги, ўз таклифи ва хизматига олдиндан ҳақ тўлаб хонадонига олиб келган эркакнинг надоматдан жазаваси қўзиди.

-Қаршилик қилмоқчимисан? Марҳамат! Ана, столдан пичоқни олиб, менга тиқ, фақат қўлимда боланг турибди-да, бир учи унга ҳам тегиб ўтишини унутма.

-Дадаси, илтимос, пул бериб буларни даф қилинг. Болагинамга озор етказишмасин – аёл дод солди. Ўзи эса жавондан тилла буюмлари солинган сандиқчани олиб чиқиб берди.

-Зирак, узукларингни ҳам еч – Қорқизнинг амрига сўзсиз бўйсунди.

Кўча юзида турган Қорбобо-Қорқизнинг бозори юришди. Улар қаршисида тўхтаган машиналар дарров орқа эшигини очяпти. Шу аснода икки фирибгар неча-неча хонадонларни доғда қолдирди. Байрам куни севинчдан яйраб турган дилларга қўрқувни муҳрлади, инсонлар хонадонига, болалар ишончига кириб олиб, сўнг уларга чанг солди, оила мулкини талон-тарож қилди. Ахир ким ҳам қўлида бола кўтариб турган одам билан ўйнашарди? Ким фарзанди ҳаёти устида таваккалчилик қилолади? Жиноятчилардан эсон-омон қутилганига, бойлигидан айрилса-да, боласи бағридалигига шукр қилганча, бўлиб ўтган воқеадан карахт ҳолда Янги йилни кутиб олади. Бу кўнгилсизликдан сўнг байрам дастурхонидаги ноз-неъматлар ҳам татимайди, яқинларига илинган тилаклар ҳам эсдан чиқади.

- Жам, чарчадим, энди кетайлик. Ахир етарлича йиғиб олдик-ку. Қолганлар бемалол байрам қилақолсин.

- Шошма, Диля. Бу бойларга бало ҳам урмайди. Янги йил бир йилда бир марта бўлади, фурсатни бой бермаслигимиз керак. Ана, яна биттаси келяпти.

- Оғайни, Сағбондаги ҳовлига қанчага борасиз?

- Узоқроқда экан-ку. У ердан “точка”мизга қайтиб келишимиз ҳам керак, вақт кетади. Устига устак, соат 11 га яқинлашиб қолди, нархлар қимматлашяпти. Эллик. Кўкида.

- Бўпти, фақат олиб бориб қўяман, қайтиш ўзингиздан. У менинг уйим эмас-да, опамники. Жиянларимга совға қилмоқчийдим.

- Келишдик!

Бу хонадонда ҳам ўша сценарий такрорланди. Иш бериб келаётган режага асосан эсдалик учун суратга тушиш маҳали фирибгарлар қўлда бола билан маъшум иддаони бошлашди.

- Болам, Худо ҳақи, бизларда ортиқча пул йўқ. Туриш-турмушимизни ўзингиз кўриб турибсиз – деди ёши бир жойга бориб қолган отахон зорланганча.

- Алдама, бобой! Беркитиб қўйганинг бордир, пенсиянгни нима қиласан?

- Пенсиям рўзғордан ортмайди, ўғлим четга иш излаб кетганча дом-дараксиз. Топганим мана шу қора кўзларга. Қўй уларни қийнама, қўйиб юборгин. Қанийди пулим бўлса-ю сенга берсам.

- Рост, ҳеч вақойимиз йўқ. Ишонмасангиз, уйларни текшириб чиқинг – деди келин йиғлаганича. - Менда тилла нима қилади? Никоҳ узугимни ҳам сотиб юборганман.

Қорбобо-Қорқиз қараса, чиндан ҳам хонадонда пичоққа илинадиган нарса кўринмайди. Йигит аламдан дастурхон устида турган тўртта олмадан бирини олиб, ғарчиллатиб тишлади. Қорқиз ҳам энди ўлжага айланган болани қўйиб юборганди, отахон сўз қотиб қолди:

- Пул эмас-у, маслаҳат беришим мумкин.

- Сенинг маслаҳатингни пишириб ейманми, қари чол?

- Эшит, бўтам. Кейинги кўчага ўтсанг, бурчакда биринчи эшик бор. Икки қаватли уй, дарров топасан. Унда бир тадбиркор укамиз яшайди. Ўта бой ва қўрқоқ. Қанча десанг, чиқариб беради. Ўшаларга борақолгин. Бизларникига адашиб кирганингдан кўнглинг ўксимасин, ноумид кетма, дейман-да. Бир тийиним йўқлигидан олдингда хўп ҳижолат чекяпман, ўғригина болам!

- Мен сенга уйга кетайлик дедим, Жам! Кўнмадинг, мана бир тупканинг тагидан қуруқ қўл билан қайтяпмиз.

- Бўпти, кўп гапирма, анави бойникига кириб ўтамиз. Юр тез... Оббо, эшиги тепасига анави зормандадан илиб қўйибди-ку.

- Камерасига ўт тушсин! Қочдик!

Лекин бу пайт эшик қўнғироғи чалиниб бўлинган ва уй эгаси ҳам пешвоз чиққан эди.

-Келинг, келинг. Ўзи базмимизга битта Қорбобо камлик қилиб турганди-да.

-Адашиб келиб қолдик шекилли – йигит каловланди.

-Нега энди? Янги йилда Қорбобо-Қорқиз кутилмайдиган уй бўлармиди? Тортинмай кираверинг.

Жамшид титраётган Дилдоранинг қулоғига шивирлади: “Эй, қўрқма, юравер. Гримда ҳеч ким танимайди”.

Бу оилада ҳам шодлик авжига минди. Қорбобо-Қорқиз болаларни хушнуд қилди. Кетар чоғи расмга тушиш баҳонасида разил ниятларини амалга оширишга чоғланишди.

-Ҳамма пулингни олиб чиқ! Боланг қўлимда турибди!

-Сен эса майор Сарвар Исматовичнинг қўлида турибсан! – оила бошлиғи кийими чўнтагидан гувоҳномани чиқарди.

Қўшни хонадан иккита милиция формасидаги йигит чиқиб, Қорбобо ва Қорқиз қўлига кишан солди. Ҳаммаси қўшни отахоннинг телефон қўнғироғидан кейин тезкор равишда тахт этилган эди .

– Байрам куни тинч аҳолининг беғубор қалбини ғамга ботириб, Янги йил кечасини хадик билан эсланадиган кунга айлантирдингми? Бу қилмишларинг учун албатта жазо оласанлар! Хайф сенларга ёшлик! Мудом болачаларнинг ижобий тимсоли бўлган Қорбобо-Қорқизни ҳам қабихликка ботирдиларинг.

Жиноятчилар ҳеч қандай қарши жавоб ҳам, баҳона ҳам келтирмадилар. Бунга асос ҳам йўқ эди. Улар энди янги йилни қора курсида бошлайдилар.

-Дадаси, шунча йилдан бери биринчи марта Янги йилни биз билан кутаётган эдингиз-а! Навбатчилигимни бошқа кунга тўғирладим, деб, суюнчи олгандингиз, бу галги Янги йилни ҳам савил қолгур жиноятчиларингизга бағишлаб бўлдингиз! Ҳа, нега бундай қараяпсиз? Соат 12 дан ўтди, байрамингиз билан!

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+