Янги Конституциянинг нормалари ўрганилди

20.02.2024 15:02:02

Ўзбекистон “Адолат” СДП Нишон туман Кенгаши томонидан Янги Нишон МФЙ фаоллар залида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш бўйича депутатлар, партия фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида ўқув семинар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиётида Конституциянинг аҳамияти беқиёс. Янги таҳрирдаги бош Қомусимизда белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш жамият ҳаётининг барча соҳаларида “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига ҳамда давлат ва жамият ҳаётини “Инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини берди. Шу туфайли ҳам янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш Ўзбекистондаги барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир.


- Ўтган йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда мамлакатимизда янги даврни бошлаб берди, - деди семинарда ҳуқуқшунос, ёшлар парламенти аъзоси Беҳруз Бўронов. - Дарҳақиқат, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, ўз навбатида мустақил давлатимиз моҳиятини ўзгартириб юборди. Унда серқуёш Ўзбекистон ижтимоий давлат экани ва юртимизда “Инсон-жамият-давлат” тамойили устуворлиги эътироф этилди.
Семинарда Янги таҳрирдаги Конституция аввалгисига нисбатан 65 фоизга янгилангани, унга 10 асосий ўзгартиш киритилгани иштирокчиларга тушунтирилди. Шунингдек, янгиланиш натижасида Конституциядаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошгани қайд этилди.
Семинарда Ўзбекистон – бошқарувнинг Республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги, мамлакатда Конституция тўғридан тўғри амал қилиши, имтиёзлар қонунда ёзиб қўйилиши шарт эмаслиги ҳамда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаро фойдасига талқин этилиши ва бошқа бош Қомусимиз нормалари мазмун моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Семинар савол-жавоб асосида ташкил этилди.

Шаҳло Турсунова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Нишон туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+