«Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади»

02.02.2021 11:02:12

Президент мурожаатномасида алоҳида эътироф этилган ушбу жиҳат мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар давомийлигини ўзида ифодалади, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, бола туғилганидан 30 ёшгача бўлган даврни қамраб оладиган ҳаётий давр мобайнида келажак авлодни мустақил ва етук шахс сифатида шаклланишига замин яратувчи, яхлит ва узлуксиз тизим яратилиши ишонч билан таъкидланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекованинг Сирдарё вилоятига ташрифи Ховос туманидаги транспорт коллежи ўқувчилари билан мулоқотдан бошланди. Президент мурожаатномасида назарда тутилган ёшлар сиёсати билан боғлиқ бўлган муҳим жихатлар ҳақида атрофлича сўз юритган депутат ёшларнинг сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларга бўлган  муносабати билан ҳам қизиқди.

Тумандаги 1-умумтаълим мактабининг ўқувчилари билан бўлган суҳбатлар мавзуси ҳам ёшларнинг келажакдаги орзулари, мақсадлари ва қизиқишларини ифодалади. Яъни, давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини амалга оширишдаги муҳим жараёнлар, босқичлар ва тузилмалар ҳақида ҳаётий мисоллар ва аниқ кўрсаткчилар билан маълумотлар бериб ўтилди. Сиёсий лидерлик ёки касбига бўлган муносабатдаги фидойилик тушунчалари депутат Нодира Жонибекова томонидан мотивация берадиган ҳаётий тажрибалар мисолида янада батафсилроқ бўлди. Шунингдек ёшлар ҳаётида ўз ечимини кутаётган маслалар ҳам мулоқотлар кун тартибидан ўрин олди.

  Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш муҳим масала. Бу борадаги ўзаро савол-жавоблар туман тиббиёт бирлашмасининг шифокорлари даврасида бўлди. Мурожаатномада соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг янги бир босқичга чиқиши билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилгани ҳақида шифокорлар билан ўзаро фикр алмашилди. Шунингдек, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги камчиликлар, ечими кутиб турмайдиган масалалар шифокорларнинг таклифлари орқали умумлаштирилди.

Аниқ бўлдики,  аҳолининг эҳтиёжи ҳисобига ҳозирда шифохонада хирург, невропатолог, офтальмолог мутахассиларга  зарурат бор. Мутахассис билан биргаликда МСКТ аппаратини ўрнатиш ҳам долзарб  масалалардан бири эканлиги  таъкидланди. Депутатга шу каби тиббиёт ускуналари етишмаганлиги сабаб аҳоли муолажа ва ташхис учун Гулистон шаҳрига боришига тўғри келаётганлиги афсус билан тилга олинди. Бунда шифокорларга ҳам қатор ноқулайликлар вужудга келаётгани ва аҳолига кўрсатилиши керак бўлган тиббий хизматларнинг сифатига бевосита таъсир қилаётгани рақамлар, мисоллар билан далиллаб берилди. Ўрганишлар давомида аниқланган масалалар  депутат Нодира Жонибекованинг келгуси иш режасидан ўрин олди ва тез кунда амалий натижаси ҳақида хабар берилишига келишиб олинди.

 

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби      

 

    

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+