Янги Ўзбекистонда – уйғониш, янги фасл бошланмоқда

20.03.2024 17:03:27

Наврўз, бу — уйғониш, янги фасл, янги кун демакдир. Ушбу байрам 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, асрлар оша Ўзбекистонда кенг нишонланиб келинади.
Айниқса, Наврўзнинг Шарқ халқлари ҳаётида тутган ўрни ҳақида буюк аждодимиз Aбу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асари бунга яққол мисол бўлади.
Буюк бобокалонимиз ўз асарида қайд этишича, Наврўз байрамининг пайдо бўлиши қуёшнинг Ҳамал буржига кириши билан, шунингдек, тун ва куннинг тенглашуви каби қатор табиат ўзгаришлари билан боғлиқ.
Янги Ўзбекистонда эса қадимий Наврўз байрами 1990 йилдан бошлаб расман кенг нишонланиб келинади. 21 март куни давлатимиз томонидан Наврўзи оламни умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида белгилангани барчани хушнуд айлади. Қолаверса, 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ томонидан 21 март –“Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилиниши ҳам халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда Президентимиз эътибори ва ғамхўрлиги туфайли ҳар йили Наврўзи олам миллати, дини, урф-одатидан қатъи назар, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланиб кетди.
Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган турли миллатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик муносабатларини тобора мустаҳкамлаб, уларни бир-бирига янада яқинлаштириб, жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мана бу йил ҳам юртимизда Наврўз байрами кенг миқёсда нишонланяпти. Жонажон республикамизнинг барча гўшаларида 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами давлатимиз раҳбарининг қарори асосида «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада ўтмоқда. Яқиндагина воҳамиз шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашарлари ўтказилди. Уларда юртдошларимиз фаол иштирок этиб, ўз ҳудудлари ободлигига катта ҳисса қўшдилар.”Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида минглаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Партиядошларимиз ташаббуси ва кўмаги билан 23 та ўзгалар парваришига муҳтож оилалар томорқалари ободонлаштирилиб берилди. Йўл ёқалари ва белгиланган жойларга 2312 туп дарахт ниҳоллари экилди. Ҳашарда Нишон, Миришкор, Ғузор тумани партия аъзолари айниқса фаоллик кўрсатишди.
Бу йил Қашқадарёда умумий қиймати 4 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.Бундан ташқари, 36 та йирик лойиҳаларни амалга ошириб, йил давомида 1 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириш устида ишлар олиб бориляпти. Халқимиз Президентимиз бошчиликларида улкан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлмоқда. Мақсадимиз бетакрор ватанимиз Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишдан иборат.
Мен фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни Наврўз байрами билан чин дилдан қутлайман. Наврўз ҳар бир хонадонда яхшиликлар, халқимизга фаровонлик олиб келсин.

Муҳаббат Шаропова,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари
Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон
“Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+