Янги Ўзбекистонга ҳамнафас ҳолда ҳаракат қилайлик

01.02.2024 13:02:59

   Қарши шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгашининг ХII Пленуми бўлиб ўтди. Вилоят Кенгаши мажлислар залида уюштирилган анжуманда депутатлар, шаҳар, туман Кенгашлари раислари, “Ёш адолатчилар” , “Аёллар” қаноти аъзолари, ҳамкор идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
   Кун тартибида белгиланган Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг 2023 йилдаги иш фаолияти якунлари ва жорий йилга мўлжалланган устувор йўналишлари тўғрисида”ги масала юзасидан партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов маъруза қилди.
Маърузачи қайд этганидек, мамлакатимизда янги Конституция асосида миллий давлатчилик тизими шакллантирилаяпти. Демократик давлат ва фуқаролик жамияти асослари барпо этилмоқда. Бугунги кунда фақат халқ иродаси, партия аъзоларининг ўтказилаётган ислоҳотларга фаол муносабати орқалигина мақсад ва интилишларни рўёбга чиқариш мумкин. Шу нарсанинг ўзи “Адолатчи”лардан Янги Ўзбекистонга ҳамнафас ҳолда ҳаракат қилишни тақозо этмоқда.


- Ўтган йили ҳам партия фаолларимиз барча жабҳада самарали иш олиб бордилар, - деди Руиддин Раупов. - Жойларда халққа яқинлашиш, юзма-юз мулоқотда кўтарилган масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилганлиги боис хайрихоҳларимиз сафи кескин кўпайди. Айни пайтда вилоят партия ташкилотларига 45 минг нафардан ортиқ аъзоларимиз уюшган. Вилоятдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, маҳаллий Кенгашларга эса 68 нафар депутат сайланган. Ўтган йили партия ташкилотларимиз томонидан турли лойиҳалар ва мавзуларда 656 га яқин тадбирлар уюштирилди.


   Сайловолди дастурга асосан сиёсий куч демократик ҳуқуқий давлат, кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий жипслашган жамиятни шакллантириш жараёнларида ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 103 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди. 201 нафар фуқароларга кредит олишлари учун амалий ёрдам берилди.


   Пленумда депутатлик гуруҳлари фаолияти, аъзолик бадал тўлови, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасига обуна ва партия ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.


   Шунингдек, жорий йилда партия ташкилотлари олдида улкан ва масъулиятли ташкилий- партиявий вазифалар турибди. Яъни олдинда барча даражадаги вакиллик органларига сайловлар жараёни кутмоқда. Албатта, “Адолат” СДПнинг ушбу йирик тадбирлари барча кучларни сафарбар этиш, партия аъзоларининг фаоллигини янада ошириш, тизимда ишни ҳар томонлама пухта ташкиллаштиришни талаб қилади.
   Анжуман сўнггида муҳокама қилинган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.
   Пленум сўнггида, партия салоҳияти ва нуфузини оширишда сидқидилдан хизмат қилиб келаётган фаоллар рағбатлантирилди.

Дилрабо Чориева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+