Янгиерлик Абдурасул ота Алланазаров Ховос ситидан ўз велосипедида Россияга йўл олди

06.06.2022 12:06:59

“Янгиерлик элкезар” Абдурасул ота Алланазаров ўзининг қадрдон “Бойчибор”и “Урал” русумли вилосипедида бутун Ўзбекистонни кезиб чиқди. Дастлаб рўйи замин сайқали Самарқанд ва Бухорои шарифга саёҳат қилди. Кейин Қамчиқ довонини ошиб олтин водий вилоятлари ─ Наманган, Фарғона ва Андижонни айланди.

Элкезар отахоннинг шаҳду шиддатидан хабар топган “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши саёҳатчини ўз ҳибзу ҳимоясига олди. Отахон мазкур партиянинг аъзосига айланди. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ҳомийлигида 1 500 километр йўл босиб Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти Нукус ҳамда янгидан туғилган Мўйноқ шаҳарларига бориб келди.

31 май куни Ховос ситида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши фаоллари, ўқувчи ёшлар, кенг жамоатчилик Абдурасул ота Алланазаровни Россия пойтахти Москва шаҳри томон кузатиб қўйишди.
Биз сафардан бир кун олдин элкезар юртдошимиз билан Гулистон шаҳрининг Мустақиллик майдонида учрашдик.

─ Юрт кезишни жуда яхши кўраман, ─ дейди Абдурасул ота Алланазров*. ─Она диёрим Ўзбекистонни велосипедда кезиб чиқиб, роса тобландим. Россия бўйлаб катта сафарга чиқишимни очиқлаганимда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши қўллаб-қувватлади ва ҳомийлик қилишни зиммасига олди. Сирдарё вилоят Спорт бошқармаси янги велосипед сотиб олишим учун маблағ ажратди. Ховос бирлашган темир йўл шифохонаси тиббий кўрикдан ўтказди. Хуллас, сафар тадориги поёнига етди.

Отахоннинг сафар халтасида нима борлиги билан қизиқдик. Ундан мамлакатимиз рамзларидан бўлган байроқ, халқимиз қадриятларининг тимсоллари саналмиш дўппилар ва қийиқлар, йўл харитаси жой олган эди. Катта сафарда Абдурасул ота ўз “Бойчибор”ида 3 500 километр йўлни босиб ўтишни режалаштирган.

─ Абдурасул ота аломат инсон, ─ дейди “Адолат” СДП Ховос туман Кенгашининг раиси Ғойибназар Райимназров. ─ У киши 73 ёшида ўз саъй-ҳаракатлари билан инсон нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди.

Биз, юртдошлари унга: “Ой бориб, омон қайтинг”, дея тилак билдирамиз.

Муҳаммадали АҲМАД

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+