Янгиланаётган Андижон

19.02.2024 16:02:50

Президент ташрифидан сўнг


Президентимиз вилоятимизга Андижон кечаги Андижон эмас, дея баҳо берди.
Ҳар сафар давлатимиз раҳбарининг ташрифини андижонликлар ўзига хос байрам сифатида қабул қиладилар. Сабаби, тадбир доирасида жуда кўп ишлар амалга оширилади, янги лойиҳалар қанот ёзади, истиқболли режалар тузилади. Асосийси, халқимизга янги куч, янги ғоялар беради.
Юртбошимизнинг бу галги ташрифи жуда кўп томони билан ўзига хослик касб этди. Қатор корхоналар, таълим ва спорт муассасалари, маҳаллада бўлиб, ислоҳотлар жараёни билан танишган Президентимиз олиб борилаётган ишларга муносиб баҳо берди. Асака туманидаги текстиль корхонаси, Андижон туманидаги саноат корхоналари фаолияти, тадбиркор ҳамда ҳунармандлар томонидан тайёрланган ранг-баранг мебеллар кўргазмаси республикамиздаги, хусусан Андижондаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Албатта бундай ютуқларга осонлик билан эришилаётгани йўқ. Бу юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси. Қолаверса, андижонликларнинг бугунги кун нафаси билан яшаётгани, эртанги кунга бўлган ишончи ва ташаббускорлигининг натижаси.
Давлатимиз раҳбари Андижоннинг тараққиётини янада юқори босқичга кўтариш, янги корхоналар барпо этиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, вилоятда ишсизликка тўла барҳам бериш, одамларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Бунинг учун катта миқдорда маблағ ажратилиши барчани бирдек қувонтирди. Бу ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш билан бир вақтда инсон қадрини улуғлашга, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.
Бизни хурсанд қиладиган яна бир нарса, ҳамма вақт Шавкат Мирзиёев ёшларга алоҳида эътибор қаратадилар. Марҳамат туманида ёшлар билан мулоқотда кўзлари ёниб, юрт тараққиёти йўлида “лаббай” деб турган йигит-қизларга қараб: “Биз иқтисодиётимизни ривожлантириб, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Андижонда ҳам катта режаларимиз бор. Бунда аввало сизларга таянамиз. Ҳар бир билимли ёш - ватан ҳимоячиси”, - дея таъкидладилар. Ўз ўрнида таълим тизимидаги янгиликлар, ёш авлодга яратилаётган шароитлар, илмий-ижтимоий лойиҳалар ҳақида сўз юритди, янги ташаббуслар юзасидан фикрлашди.
Президентимиз жойларда амалга оширилаётган ишларга ўз баҳосини бериш баробарида, эскича ишлаш билан узоққа бориб бўлмаслигини, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ўзгариши кераклигини қайд этди. Бу барча даражадаги раҳбарлар зиммасидаги масъулиятни оширди. Шу кундан бошлаб ҳар бир соҳада янги давр бошланди, ривожланиш йўлида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бизнинг вазифамиз билдирилган ишончни оқлаш, масъулиятни ошириш ва Андижонимизни янада ривожлантириш. Бу ҳар биримизнинг бош мақсадимизга айланди.

Мадаминжон Мадазимов,
Андижон давлат тиббиёт институти ректори,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+