“Яшил макон”: Яна бир босқич якунланди

01.12.2022 10:12:18

Мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш қизғин давом этмоқда. Юртимизни боғ-роғларга буркаш, ўрмон ва дарахтзорларни кенгайтиришни мақсад қилган навбатдаги «Зарбдор қирқ кунлик» ҳам ниҳоясига етмоқда. Унда Наманган вилояти аҳли ҳам фаол қатнашди. Жойларда олиб борилган ибратли ишлар ҳақида партиядошларимиз шундай сўзлаб бердилар.

Венера Отажонова, «Адолат» СДП Давлатобод туман кенгаши раиси:

- Ҳаётимизнинг бирон кунини ҳам бунёдкорликларсиз тасаввур этиш мушкул. Масалан, бизнинг туманимиз ҳам бугунги кунда улкан қурилиш майдончасига айланган. Айниқса, Янги Наманган шаҳарчасини тиклаш бўйича ишлар кун сайин авж олмоқда. Келгусида бу ерда 150 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган гўзал маскан пайдо бўлади. Шунга яраша боғлар, дарахтзорлар, гулзорлар барпо этиш режалаштирилган.

Ўтган ҳафтада бўлажак шаҳарча ҳудудида катта ҳашар уюштирилди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган ўнлаб корхона ва ташкилотлардан жамоа вакиллари қатнашдилар. Аввалдан белгиланган жойларга беш минг тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Эътиборли жиҳати шундаки, улар маҳаллий иқлимга мослаштирилган. Аксарияти «Наманганйўлкўкалам» унитар корхонаси ҳамда вилоятдаги ўрмон хўжаликларида етиштирилган.

Рўзигул Анорқулова, халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси:

- Ҳар бир ишга ижодий муносабатда бўлиш – бугунги кун талабидир. Шундан келиб чиқиб, туманимизда масалага ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга ҳолда ёндашилди. Мисол учун, тоғолди майдонларида доривор ўсимликларнинг кўчатлари экилди. Шунингдек, уларни томорқа ерларига ўтқазиш учун аҳоли хонадонларига ҳам тарқатилди. Айни вақтда мутахассислар томонидан кўчатларни парваришлаш бўйича тушунчалар берилди. Етиштирилган ҳосилни сотиш орқали яхшигина даромадга эга бўлиш мумкин. Ҳозир «Дамобод», «Баймоқ» ҳамда «Шербилак» МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар 1000 туп доривор ўсимликларни парваришламоқда.

Беҳзод Жўраев, Тўрақўрғон туман қурилиш бўлимидаги «Адолат» СДП бошланғич партия ташкилоти раиси: 

- Сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Туманимизда 2022 йилнинг куз ва 2023 йилнинг баҳор ойларида жами 1 миллион 400 минг туп, шундан куз мавсумида 509 300 дона турли мевали ва манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган бўлиб, аҳоли ва мутасаддилар иштирокида бу ҳаракат жадаллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, «Шоҳидон нурли диёри» муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги 5 гектарли майдонда «Яшил боғ» ташкил этилиб, унда қарийб 7000 дона турли манзарали ва мевали дарахтлар экилди.

Давлатимиз раҳбари айтганларидек, «Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим». Кўчат экиш акциясида нуронийлар, ёшлар, ташкилот ва корхоналар жамоалари вакиллари шу нақлга амал қилиб, яхши ниятлар билан ниҳоллар ўтқазишди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+