«Ёш адолатчилар» Кенгашининг янги етакчиси сайланди

08.10.2020 16:10:05

 

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг сайловолди дастурида белгилаб қўйилган аниқ мақсад ва вазифаларни амалга оширишда партиянинг Қорақалпоғистон Республикасидаги «Ёш адолатчилар» Кенгаши фаоллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Бугун, ушбу фаол ёшларни ўзига бирлаштирган партия Қорақалпоғистон Республикаси «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгашининг навбатдаги IV ҳисобот сайлов Конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу конференцияда «Ёш адолатчилар» қанотининг беш йиллик фаолияти бўйича ҳисоботи тингланди. Ҳисобот бўйича ҳозирги кунда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида жами 29 мингга яқин партия аъзолари мавжуд бўлиб шундан 36 фоизи яъни 8 минг нафари фаол ёшлар ҳисобланади.

Ҳудуддаги “Ёш адолатчилар” қаноти таркибида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, турли спорт турлари бўйича Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари ҳамда турли фан олимпиада ғолиблари мавжуд.                        

Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қўшимча чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, кўплаб амалий ишлар ҳам йўлга қўйилганлиги таъкидланди.

Жумладан, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида битирувчи ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича, ёшларда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган  жойларда семинарлар, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида Ёшларнинг турли зарарли оқимларга кириб кетишини олдини олишга қаратилган учрашувлар, “Адолатчилар жамоатчилик экспертизаси” лойиҳалари доирасида “Депутат ёшлар даврасида” мавзусида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан талабалар учрашувлари, “Тоза табиат – соф келажак учун” лойиҳалари доирасида ёшлар ўртасида ҳашарлар ва “Менинг обод маҳаллам”, “Табиат гўзаллигига менинг ҳиссам” мавзуларида давра суҳбатлари, “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида “Оила-муқаддас қўрғон” мавзусида жойларда Ёшлар орасида оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган турли мазмундаги тадбирлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, “Ёш адолатчилар” Кенгаши фаолларини партия кадрлар заҳирасига киритиш, шунингдек, давлат ҳокимияти бошқаруви органларининг масъул лавозимларига ҳамда вакиллик органларига номзод сифатида тавсия этиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йилларда жами юздан ортиқ партия фаол ёшларимиз давлат ҳокимияти бошқаруви органларининг юқори лавозимларига тайинланлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси “Ёшларга оид давлат сиёсати” самарадорлигини янада ошириш ва Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикасидаги уюшмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиш, ишсиз ёшларнинг қизиқиши ва мутахассислиги бўйича рўйхатини шакллантириш ва уларни ишга жойлаштириш чоралари кўриб чиқилди. Ўтган давр мобайнида партия ёрдамида 120 дан ортиқ ёшларнинг иш билан таъминланишига эришилганлиги маълум қилинди.

Шу  қатори  Кенгашнинг  фаолиятида қатор камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги танқид қилинди. Жумладан, ҳисобот давридаги кенг жамоатчилик ўртасида партия дастурий вазифалари тарғиботини юргизиш, ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини ошириб бориш ишларида ҳалигача кўзланган натижага эришилмаганлиги айтилди. Бундан ташқари ўтган депутатлик сайловларда депутат этиб сайланган ёшларнинг сони Кенгашни умуман қаноатлантирмаслиги таъкидланди. Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ва аниқ вазифалар белгиланиб олинди.

Умуман, партия Қорақалпоғистон Республикаси «Ёш адолатчилар» Кенгашининг 2015-2019-йиллардаги фаолияти танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди.

Кун тартибида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва партия Қорақалпоғистон Республикаси “Ёш адолатчилар” Кенгаши таркиби ва раиси янгидан сайланди. Раиси этиб, партиянинг фаол аъзоси Моятдинов Қуанышбай Сарсенбаевич сайланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ижимоий адолат, қонуннинг устуворлиги таъминланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлида партия ёшларининг фаоллиги тўхтамайди.

 

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+