“Ёш адолатчилар”: режа, ижро, натижа

24.10.2020 17:10:47

Бугун “Адолат” СДП Тошкент вилояти “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашининг ўтган беш йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган IV ҳисобот-сайлов конференцияси  бўлиб ўтди.

Унда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари,   “Адолат” социал-демократик партиясининг Тошкент вилояти “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши ҳамда Ёшлар Парламенти аъзолари,  партия фаоллари, ОАВ ходимлари  иштирок этишди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан “Ёшлар қаноти” раиси в.в.б. Сардор Дастировнинг  ҳисобот маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурини амалга ошириш мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Депутат ёшлар даврасида”, “Яхши касб – етук мутахассис – муносиб иш ҳақи” ва шу каби лойиҳалар доирасида 500 га яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 7 минг 500 дан зиёд партияга хайрихоҳ бўлган ёшлар иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш жозки, ҳозирги кунда Тошкент  вилоятидаги “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” таркибида 11 минг 914 нафар ёш бирлашган бўлиб, улар жами партия аъзоларининг 41 фоизини ташкил қилади.  Шунингдек, вилоятнинг 408 та бошланғич ташкилотига  34 минг 692 нафар аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг  12 минг 215 нафарини, яъни 35 фоизини айнан ёшлар ташкил этмоқда.  Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган 3 нафар ёш депутат ҳамда Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га вилоят Кенгашидан  сайланган 5 нафар парламент аъзолари жойларда самарали фаолият олиб бормоқда.

Анжуманда сўз олганлар партия ёшлар қанотининг ўтган даврдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий сарҳисоб қилишди. Мақсад ва ғоялари ҳамда келгусида “Ёш адолатчилар”нинг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдиришиб, “Ёш адолатчилар” қанотининг беш йиллик фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди.

Шундан сўнг “Ёш адолатчилар” қаноти янги таркиби тасдиқлаб олинди. Тадбир давомида туман “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашига раис этиб Сардор Дастиров сайланди.

Фирдавс Акромов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси:

-Юртимизда янги инновацион иқтисодиёт юзага келаётган, таълим тизими тараққий топаётган, бандлик даражаси ўсаётган, соғлом турмуш тарзининг ажойиб имкониятлари яратилаётган бир шароитда биз ёшлар мустаҳкам фуқаролик позициясига эга бўлиб бор куч-ғайратимиз ва шижоатимизни сафарбар этган ҳолда партиямиз “Ёш адолатчилар” қаноти равнақига  ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Йиғилиш якунида кун  тартибида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу куннинг ўзида  вилоят Кенгаши навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди. Унда республика оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари, маҳаллий газета, журнал, телевидение ва радио вакиллари, шунингдек, блогерлар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кун депутатлари мунтазам равишда аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш депутатларимиз фаолиятининг асосий мезонига айланди.

Хусусан  пандемия шароитида жамият ҳаётида амалга оширилаётган муҳим ишларда депутатлардан янада фаоллик талаб этилади. Иқтисодий инқироз вақтида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни ҳал қилиш чораларини кўриш, бир сўз билан айтганда, ўз ишига, вазифасига кўпроқ масъулият билан ёндашиш депутатнинг бош вазифасига айланди.

Партиямиз  фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари  томонидан тизимли равишда “Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз” хайрия акциялари  доирасида жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга  саҳоват ва мурувват ёрдамлари беғараз кўрсатиб келинмоқда. Хусусан биргина партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан эҳтиёжманд, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 110 миллиондан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. 

Шунингдек,  вирус билан касалланганларни тўлиқ давлат таъминоти асосида даволаш, кам даромадли оилаларни янада қийин аҳволга тушиб қолишдан асраш бўйича “Темир дафтар” асосида манзилли ёрдамлар  кўрсатилмоқда.

“Сардоба сари саховат карвони” лойиҳаси доирасида партия фаоллари оғир кунларни бошидан кечираётган сардобалик ҳамюртларимизга саховат қўлларини  чўзиш мақсадида “хайрия штаби” ташкил этилди. Йиғилган хайрия маблағлари,  озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари партиянинг вилоят Кенгаши томонидан махсус саховат транспорти орқали сардобалик юртдошларимизга етказилди.

Тошкент вилояти ва туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига  3 та масала,  доимий комиссияларида 3 та масала муҳокама қилинди ҳамда  14 та мансабдор шахс ахборотлари  эшитилди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари томонидан чиқарилган депутатлик сўровлари сони 173 тани ташкил этди.

Ҳисобот даврида долзарб масалаларга бағишланган 200 га яқин тадбир, конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар ташкил этилган бўлиб, уларда 4000  дан зиёд иштирокчи  қатнашди.  Мазкур тадбирларни ОАВларда ёритилиши сони 287 тани ташкил қилди. 

Депутатлар томонидан 9 ой мобайнида фуқароларнинг 1 минг 234 ёзма, электрон ва оғзаки мурожаатлари қабул қилинди. Ҳозирга қадар уларнинг 679 дан ортиғи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича назорат ўрнатилди.

Туман ва шаҳар Кенгашларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан жами 130 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари 250 га яқин хўжалик юритувчи субъектлар ҳолати ҳам ўрганилди. Депутатлар ва партия фаолларидан тузилган ишчи гуруҳлари томонидан 1 минг 204 та хонадонларга ташриф буюрилиб, фуқароларни қийнаётган 274 та муаммолар бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 134 та депутатлик сўровлари чиқарилди.

9 ой ичида Республика ва маҳаллий  телерадиоканалларининг информацион дастурларида жами  215 дан ортиқ чиқишлар амалга оширилди.  Республика марказий нашрларида 97 та, шаҳар, туман газеталарида 40 яқин партия фаолиятига доир мақолалар эълон қилинди.  Партия веб-сайтида ҳозирги кунга қадар турли мавзулардаги жами 134 та хабар ёритилди. Бошқа информацион порталлар ҳамда ахборот агентликларининг веб-сайтларида партия фаолиятига доир 67 та мақола эълон қилинди.        

Шунга қарамай жойларда ўтказилган тадбирларнинг барчаси ҳам юксак савияда ташкиллаштирилмаган. Хусусан, Пискент, Юқори Чирчиқ,  Оҳангарон тумани  Кенгашларининг бу борадаги фаолияти қониқарли эмас.

-Бугунги йиғилишда  фаолиятимизга бўлган танқидий баҳо ўринли деб, ўйлайман, - деди  Пискент тумани Кенгаши раиси Сайёра Азимова. -Берилган  огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқариб, вазифамизга масъулият билан ёндашишимиз  лозим.

Анжуманда шу ва яна бошқа кўплаб масалалар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Йиғилиш якунида кун  тартибида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Онлайн матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга партия фаоллари  ва депутатлар  атрофлича жавоб беришди.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+