Ёшлар бандлиги ҳамиша долзарб вазифа

27.02.2024 16:02:46

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда билдирган фикрлари ҳар бир ватандошимизнинг кўнглидаги энг муҳим орзу-истаклар ҳамоҳанглиги билан катта аҳамият касб этади. Бугун давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар масаласи энг муҳим устувор йўналиш сифатида қаралаётганлиги, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, ватанга бўлган садоқати ва фидойилигини янада оширади.
Бундан ўн йил аввал касб-ҳунар коллежларида таҳсил олган ёшлар биринчи навбатда уч томонлама ёлғон шартномаларни тўлдириш учун сарсон бўлган бўлсалар, иккинчи навбатда қўлида дипломи бўла туриб иш тополмай яна саргардон бўлганлигини гувоҳи бўлмадикми? Айни куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган ёшлар иш излаб чет давлатларда қурилишларда, оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлгани ҳам ҳақиқат.
Бугун юртимизда энг иқтидорли ёшларни бағрига олган Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, эл севган адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларининг барчаси ёшларга сифатли таълим бериш ва касбга йўналтириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътиборнинг амалдаги исботи эмасми? Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг ҳаётий ташаббуслари “Беш ташаббус олимпиадаси”, “ Маданият карвони” тадбирлари ва турли фестиваллар Ўзбекистон ёшларини янада жипслаштиришга, иқтидори ва истеъдодини намоён этишга ҳамда қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганлигига ўзимиз гувоҳмиз. Жорий йилнинг 21 февраль куни Президентимиз фармони билан “Ўзбекистон – 2030» стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди.
Бу дастурни Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши жамоаси билан батафсил ўрганиб чиқдик. Дастурда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланганлиги барчамизни қувонтирди. Биргина жорий йилнинг ўзида “Ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш вазифаси илгари сурилган. Дастурга биноан ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиб, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ушбу йўналишга йўналтирилиши диққатга сазовор.
Шунингдек, “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ғолиблар хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ҳам ёшлар учун янги имконият ва ғамхўрликлар намунасидир. Бундан ташқари, “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳаси доирасида бу йил ахборот-технологиялари соҳасида 70 минг ёшни банд қилиш режалаштирилганлиги, қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, уларни IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш каби масалалар мутасаддилар учун вазифа қилиб берилди.
Бу каби улуғвор мақсадлар Адолат партиясининг Сайловолди дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Ёшлар — юрт келажаги, бунёдкори экан, Президентимиз илгари сурган мақсад ва ғояларни ҳаётга татбиқ этилиши учун биз "Адолат" фаоллари жамоатчилик назоратини мунтазам йўлга қўямиз. Ҳудудларда депутатлик гуруҳлари томонидан ёшларни қийнаётган муаммоларни ҳал этилишига, уларни қўллаб-қувватлаган ҳолда Янги Ўзбекистоннинг янги бунёдкорларини комил инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмакдош бўламиз.
Қонун устуворлиги, адолатли ҳимоя ва тартиб-интизом ёшларимизни ватан тараққиёти йўлида бирлашишига хизмат қилар экан, биз ҳам мамлакат раҳбари томонидан ҳар биримизнинг зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламиз.

Шаҳноза Ғаниева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилояти Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+