Ёшлар бандлигини таъминлаш - давлат сиёсатининг бош мақсади

10.06.2022 16:06:09

Ўзбекистон «Адолат» СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан Навоий шаҳар «Ишга марҳамат» мономаркази биносида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик» умумий шиори асосида «Ёшлар бандлиги таъминлаш юрт равнақи гарови» мавзудаги тадбир ташкил этилди.

Унда партиянинг халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлари ва фаоллари, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси, вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, Навоий шаҳар ҳокимининг маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, Навоий шаҳар МФЙдаги ёшлар етакчилари, Навоий шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, «Ишга марҳамат» Мономаркази вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов кириш сўзи билан очиб мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаш, фарзандларимизнинг бугунги интилиш ва истакларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш барча ҳудудий партия ташкилотларида ташкил этилаётган бу каби тадбирларнинг бош мақсади эканлигини урғулади.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда инсон қадри ва унинг манфаатлари турганлиги эътироф этилди. Бунда энг аввало юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва имкониятларини рўёбга чиқариш энг муҳими ҳаётда ўз ўрнини топиши касбга эга бўлиши барча масъул эканлиги муҳокамалар марказида бўлди.

Ҳусниддин Нурматов, Навоий шаҳар ҳокимининг «Кимёгар» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси:

Ишсиз сифатида рўйхатга олинган ёшларлар тўғрисида олинган маълумотларни жойига бориб ўрганилганда уларнинг аксарияти норасмий секторда банд эканлиги аниқланмоқда. Жумладан, автомобилларни ювиш шохобчаси, ресторан ва кафе каби умумий овқатланиш шохобчаларида меҳнат қилаётганлиги уларга конверт шаклида ҳақ тўланаётганлиги, меҳнат шартномаси тузилмасдан фаолият кўрсатиб келаётганлиги маълум бўлмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар ўз ташкилотларида мавжуд вакансиялар бўйича бандлик кўмаклашувчи марказларга маълумотларни тақдим этишмайди.

Ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида ишсиз хотин-қизларга тикув машиналари тарқатилмоқда. Шу орқали улар темир дафтар, аёллар дафтаридан чиқарилмоқда. Бозорларни ўрганмасдан туриб рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариб тадбиркорликни бошлаб бўлмайди. Бундай малака ва кўникмага эга бўлмаган фуқароларнинг эса ижтимоий аҳволи ўзгармасдан давлат маблағлари ҳисобига олинган тикув машиналари ва бошқа техникаларни чанг босиб қолмоқда.

Ишсиз ёшларга мавжуд вакансиялар асосида 1,2 млн, 1,5 млн сўмлик иш жойлари таклиф этилса, 3 млн сўмдан ортиқ маош берадиган иш жойларни талаб этишади. Ишга жойлашган ёшлар етарли даражада касбий билим ва кўникмаларга эга эмаслиги сабабли иш берувчиларнинг норозилигига олиб келмоқда.

Қудайимберди Жанхўжаев, партиянинг Конимех туман Кенгаши раиси:

Бугунги даврнинг энг долзарб муаммоси ачинарлиси, ёшларнинг аксарият вақти бугунги кунда ижтимоий тармоқларда самарасиз ўтказишмоқда. Бу каби муаммоларни олдини олишда авваламбор ёшларни асосий вақтини мазмунли ташкил этиш, билим ва касб эгаллашга кўпроқ эътибор қаратиши бугунги замон талаби эканлигини ёшларимиз ҳис этишмаяпти. Давлатнинг энг муҳим устуни ҳисоблан оилада эса бу каби масалаларга ота-оналар етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Тадбир қизғин-баҳс мунозараларга бой тарзда ўтди. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган барча саволлар юзасидан мутахассислар томонидан жавоб олдилар.

Якунда партия ташаббуси билан ўтказилган бундай конструктив мулоқотларни йилнинг ҳар чорагида доимий ўтказилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+