“Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш”

14.02.2024 15:02:00

Қорақалпоғистон Республикаси, Тахиатош тумани 8-сонли умумтаълим ўрта мактабида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тахиатош туман Кенгаши фаоли М. Мамутов, ИИБ ходими, партия фаоллари ва мактабнинг 20 нафар профессор ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари иштирок этишди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлгани, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга доир саъй-ҳаракатлар самарадорлигини такомиллаштириш, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам иммунитетни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилганлиги тушунтирилди.
Шундан сўнг, профилактика инспектори томонидан талабаларга жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг энг муҳим жиҳатларига тушунтириш бериб ўтилди. Шу билан бирга “Фирибгарлик”, “Ўзгалар мулкини ўғирлаш”, “Ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиш”, “Диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”, “Ўз жонига суиқасд қилиш”, “Қасддан одам ўлдириш”, “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”, “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”, “Тақиқланган ўсимлик етиштириш” ва шу каби ҳолатлар бўйича содир этилган жиноятлар ва қонунбузарликлар тўғрисида тадбир иштирокчиларига аниқ фактлар асосида тўлиқ маълумотлар берилди.
Партия ва ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида ўтказилган мазкур профилактик тадбирда иштирок этган ўқувчи ёшлар мамлакатимизда ёш авлодни баркамол вояга етиши учун яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига биргаликда курашиш зарурлигини англаб етганликларини ифодаладилар. Кўтарилган масалалар юзасидан ёшлар ўз мустақил фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+