Ёшлар янги Ўзбекистонда янгича сайлов ўтказишни қўллаб-қувватлайди

01.02.2021 10:02:14

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни учинчни ўқишда қабул қилди.

Халқимиз муҳокамасига аввалроқ қўйилган мазкур қонун лойиҳасида сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилганди. Бу эса фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиш билан бир қаторда, кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар вужудга келишига хизмат қилиши аниқ. Бўлажак сайловнинг октябрь ойида ўтказилиши янги Ўзбекистоннинг дунёга юз тутаётгани, халқаро экспертларни сайловларда иштирокини таъминлашга кенг йўл очаётганининг яққол ифодасидир.

Биз — “Адолат” СДПнинг “Ёшлар қаноти” Тошкент вилояти кенгаши вакиллари ҳам сайлов жараёнларининг октябрь ойида ўтказилишини сайловчилар  ва кузатувчилар учун энг қулай ва мақбул вақт, деб ҳисоблаймиз.

Партиямиздан сайланган кўпчилик депутатлар эътироф этаётганидек, сайловларнинг октябрь ойида ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар ва Давлат дастурини қабул қилиш ҳамда бошқа ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратилади ва фаол фуқаролик позициясини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, йилнинг октябрь ойида ҳаво ҳароратининг илиқ бўлиши сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказишга қулай бўлиб, унда сайловчиларни кенг жалб этишда ноқулайликлар келиб чиқармайди. Илиқ ва иссиқ иқлим шароитида сайлов жараёнларини ташкил этиш фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан учинчни ўқишда қабул қилинган қонун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принцплари тўғрисида”ги конституциявий қонун, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун ва Сайлов кодексларига ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, Сайлов кодексига киритилган ўзгартишлар сайлов жараёнининг демократик принцип асосида ўтказишга қаратилган бўлса, Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгаришлар эса сиёсий партияларнинг сайловлардаги фаолиятини молиялаштиришга қаратилган. Қонунда, шунингдек, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Маълумки, 2020 йил 29 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли ва бунёдкор ёшлар билан биргаликда барпо этиш, ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларни давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида, 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф қилди. Юртбошимизнинг ушбу таклифи бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Жорий йилнинг 27 январь куни Президентимиз  ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ёшлар масаласига яна бир бор алоҳида эътибор қаратди. Буларнинг барчаси — ёшларимизни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, тенгдошларимизда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган улкан бунёдкорлик вазифалари, биз ёшлар учун беқиёс дастуриламалдир.

Демак, эндиликда биз ёшлар бу жараёнларда четда турмай демократик ислоҳотларни амалга оширишда, бўлажак Президент сайловида фаол иштирок этиб, жонажон юртимизнинг улкан салоҳият ва билимга қодир ўғил-қизлари борлигини дунё ҳамжамиятига намоён этишга бирдек масъулмиз. Бинобарин, ёшларимиз янги Ўзбекистонда янгича сайлов ўтказишни қўллаб-қувватлайди.

 

Сардор ДАСТИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

“Ёш адолатчилар” қаноти

Тошкент вилояти кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+