Ёшлар юртимиз келажагининг ҳақиқий кафолати

19.12.2023 10:12:51

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан амалга оширилиб келинаётган турли лойиҳа ва ташаббуслар халқимиз орасида тобора оммалашиб бормоқда. “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ва “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳалари ҳам шулар қаторидан муносиб ўрин олган.


“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5117-сонли ҳамда “Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ва “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳалари доирасида “Сеҳрли мия” кўрик-танлови ўтказилди.


Унда партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, партия вилоят Кенгаши раҳбарияти, ОАВ ходимлари, Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан ташқари қўшни Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Иштихон ҳамда Каттақўрғон туманларидаги умумтаълим, ихтисослашган ва нодавлат-таълим муассасаларида таҳсил олаётган 250 нафар ўқувчилар иштирок этишди.
Мазкур тадбирни ўтказишда кўзланган асосий мақсад, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини хорижий тиллар, математика ва ментал арифметика фанлари бўйича билимларини синовдан ўтказиш, ўқувчиларни илм олишга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантиришдан иборат.


“Сеҳрли мия” кўрик-танловида ўқувчилар ёш тоифасига кўра, гуруҳларга бўлинган ҳолда инглиз тили, ментал арифметика ва математика фанларидан тайёрланган тест саволлари бўйича ўзаро беллашдилар.


Танловни партия фаоллари ва депутатлари ҳамда соҳа экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, вилоятнинг Навоий шаҳри ва Нурота туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларидан келган иқтидорли ўқувчилар юқори ўринларни қўлга киритиб, партиянинг кубок, медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.


- Ҳар йили турли ташкилот ҳамда ўқув марказлари томонидан ташкил этиладиган ўнлаб танловларда иштирок этиб келамиз. Бироқ, бу галги танлов кириб келаётган янги 2024 йил арафасида, шунга монанд ҳолда қорбобо ва қор қиз иштирокида байрамона руҳда бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, ушбу танловни ташкил этишда муносиб иштирок этган ҳар бир устоз ва мураббийлар ҳамда иштирокчи ўқувчилар муносиб тарзда рағбатлантирилди.


Ёшлар юртимиз келажагининг ҳақиқий эгаларидир. Уларни ҳақиқий кучга айлантиришнинг ягона йўли илмдир. Бунга юртимиздаги ҳар биримиз масъулмиз, — дейди Навоий вилояти “Magistr” ўқув маркази ўқитувчиси Райҳон Ҳамдамова.

“Адолат” СДП Навоий вилоят
Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+