Ёшларга тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратилади

11.03.2024 16:03:20

Бугунги юртимизда ёшлар масаласига ҳар доимгидан-да катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг турли соҳаларда етук мутахассис бўлишлари, сифатли билим олишлари, интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Жорий йилнинг 23 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам бу борада қилиниши лозим бўлган масалалар яна бир бор муҳокама қилинди.
Бу йил “Ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини 300 минг ёшлар битиради. Йиғилишда уларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, йиғилишда ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиши, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи шунга йўналтирилиши, “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, ёшлар бандлигини таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омил ва манба бўлиб хизмат қилади.
Янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ёшлар ўртасида ривожлантириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш масаланинг ечими бўла олади. Давлатимиз томонидан бу борада яхлит тизим яратилган бўлиб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашилмоқда ва шу орқали уларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали ишсизликни камайтиришга ва аҳоли турмуш даражасини оширишга эришиш мумкин. Ўз навбатида, ёшлар тадбиркорлигининг қўллаб қувватланиши иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга, сармоя жалб этишга ҳам ҳисса қўшади.
Шунингдек, ёш тадбиркорлар одатда бозорга янги ғоялар ва инновацион маҳсулотлар ёки хизматлар билан кириб келади. Бу мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Муҳими, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланади.
Зеро, бугун Юртбошимиз томонидан ёшларнинг иқтидори ва салоҳияти, ташаббус ва ғоялари қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг бандлиги ва тадбиркорлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Пўлат Ҳамзаев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+