Ёшларни қўллаб-қувватлаш — даврнинг муҳим талаби

04.01.2024 14:01:46

Янги 2024 йил арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаган табригида 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилди.
Аввало, шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз ёшлар диёридир. Аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Айни пайтда мактабгача таълим қамровини ошириш, халқ таълими тизимидаги муаммоларни ечиш ва таълим сифатини ошириш чораларини кўриш, бу олий таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, олий таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, бу олий таълимдан кейинги таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини мукаммаллаштириш, умуман ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш бугуннинг асосий талабларидан бўлиб қолмоқда. Ҳар йили мамлакатимиз аҳолиси 900 мингдан ортиқ нафарга ортаётганлиги эса ушбу масалаларга тизимли ва тезкор ечимлар топишни тақозо этади.
Аввало, шу ўринда айтиш керакки, ёшларимизни тадбиркорликка ундаш, уларни бизнес ғояларини, стартап лойиҳаларини амалга оширишда бевосита ёрдам берилиб, шунингдек, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб келиняпти. Бу йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ёшларга янада куч-қувват, илҳом бағишлаши ва уларни янгидан янги марраларни эгаллаши учун янги имкониятдир.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бардавом ва йилдан йилга янада кенг кўламли, янада натижали тус олмоқда. Маҳаллаларда жорий қилинган ёшлар етакчиси лавозими бугун юз минглаб юртимиз ёшларининг муаммоларини ҳал қилиш, жамиятда ўз ўринларини эгаллашида самарали тизимга айланди. Хусусан, 2023 йилда “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етди. Мурожаатларнинг кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарди. Ҳар бир маҳаллада ёшлар бандлиги дастури асосида ишсиз йигит-қизлар ва мактаб битирувчиларининг бандлиги таъминланди. Минглаб талабаларнинг шартнома маблағлари тўланди. Хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қопланди. Президент табригида таъкидланганидек, янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бугун Президентимиз ташаббуси билан йил номига мутаносиб 2024 йилда ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича янгича ёндашув жорий этилади. Давлат томонидан бизнес қанчалик қўллаб-қувватланса, бизнес ҳам мамлакатнинг ривожига, тараққиётига, хизматлар сифатининг ошишига, мамлакат имижининг кўтарилишига ва алалоқибат халқнинг фаровонлигига хизмат қилади. Бизнес қанчалик ривожланса, унга шунчалик кўп ишчилар керак бўлади, бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлайди, ёшларнинг ноқонуний миграцион жараёнларга жалб этилишини камайтиради.
Албатта, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ислоҳотлар Янги Ўзбекистонимизнинг тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор ҳозирлаши муқаррар.

Рустам Ҳамраев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+