Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича махсус платформа ишга туширилади

29.02.2024 10:02:06

Ёшлар нафақат миллат генофондининг олтин захираси балки жамиятнинг энг фаол қатламидир.
Янги Ўзбекистонда уларга бўлган эътибор, ғамхўрлик йил сайин кўпайиб, имкониятлар кўлами кенгаймоқда. Ёшларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу интилишларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, улар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахсларни тарбиялашга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда ёшларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, уларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур имкониятлар яратилиши масалаларига урғу берилди. Мамлакатимизда бугунги кунда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Жорий йил коллеж, техникум ва олий таълим муассасаларини 300 минг ёшлар битириши ҳамда “ёшлар баланси” бўйича 925 минг ёшларнинг бандлиги таъминланиши, уларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама этилди. “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида ёшларнинг бизнес билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жорий йилда ёшлар ўртасида тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёш тадбиркор” танлови ўтказилади. Ушбу танлов “маҳалла-туман-вилоят-республика” босқичларида ўтказилиб, ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари саралаб олинади. Бунда, ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади. Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади. Ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади. Бугунги кунда ёшлар ўртасида IT соҳасини оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилади. Ушбу дастур доирасида маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан маҳалла фаоллари иштирокида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқланиб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этиш, сертификат олган ёшлар тўғрисида маълумотларни Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритиб бориш амалиёти жорий қилинади.
Махсус ахборот тизимига киритилган ёшларни IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилади. Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилади. Ушбу лойиҳа доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT-дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатиш тизими йўлга қўйилади. Мамлакатимизда сўнгги бир неча йил давомида ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 1 миллион ёшлар хорижий тилларга бепул ўқитилади. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади. Хусусий курсларда ўқиб, “С-1» сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича “В-2» даражасини сертификатини олиш харажатлари қоплаб берилади. Шунингдек, жорий йилда нафақат сертификат олишдаги имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.
Шу билан бирга, 60 минг 500 гектар ер ёшларга ажратиб берилиши белгиланди. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратилишига “маҳалла еттилиги” таклиф бериш амалиёти йўлга қўйилади. Ер олган ёшлар Агробанкнинг “Фермерлар мактаби”да ҳосилдор, экспортбоп экинлар етиштириш бўйича ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқончилик билан шуғулланувчи ёшларга экспортчи ва қайта ишлаш бўйича тажрибага эга тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади. Бир сўз билан айтганда, жорий йил юртимиз ёшлари ҳаётида катта имкониятлар эшиклари очилиб, ёшларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Зеро, ёшлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир.

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+