Юртимизда таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётини янги босқичга кўтариш усуллари

30.11.2020 16:11:09

Халқни – халқ, миллатни – миллат сифатида шакллантира оладиган асосий куч бу – таълим ва соҳадаги ислоҳотлар эканлиги ҳаммамизга яхши маълум. Бугунги кунда юртимизда таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири ҳам ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиб беришдир.

Сўнгги йилларда мамлакатда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Сир эмас, бугун рақамли технологиялар шиддат билан ривожланяпти. Замонавий технологиялар кирмаган соҳа қолмади ҳисоб. Лекин, ушбу технологиялар ўз-ўзидан ишламайди. Уларниям кимдир ақл билан ҳаракатга келтирсагина фойда беради.  Рақамли технологияларнинг тилини топиш учун албатта пухта билимга эга, салоҳиятли ёшлар керак.

Давлатимиз раҳбарининг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги қарори  юртимизда таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётига бирламчи эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунаси бўлди. Қарорда Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини, шу жумладан ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқитиш методикалари ва педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини хорижга хизмат сафарини ташкил этган ҳолда ўрганиб чиқиш  вазифасининг  белгилаб  берилиши,  таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтаришга  туртки бўлди. Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини Ўзбекистон Республикаси таълим тизимига ҳамда Дастурга жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Қарорда 2021 йил 1 мартга қадар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ва методистлари, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари услубчи-маслаҳатчилари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ушбу лавозимларда меҳнат қиладиган ходимларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқланди. 2021 йил 1 апрелга қадар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ва методистлари, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари услубчи-маслаҳатчилари лавозимларини янги талабларга мос келадиган, юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш вазифасининг  қўйилиши  таълим-тарбия тизимига  юқори даражада  эътибор қаратилаётгани ҳамда педагогларга катта масъулият  юклатилганлигидан далолат беради.

Кенгроқ мушоҳада қилинса, ушбу вазифанинг амалга оширилиши ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қилади. Қарорда, марказларнинг асосий вазифалари этиб, ўқувчи-ёшларнинг психологик саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг барқарор ижтимоий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш, ўсмирларни ижтимоий реабилитация қилиш, турли хил зўравонлик кўринишларининг олдини олиш, суицидал ҳолатларга мойиллиги бўлган ўқувчиларни барвақт аниқлаш ва уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш, халқ таълими тизимида касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик хизмат кўрсатиш, илғор тажрибаларга асосланган касб-ҳунарга йўналтиришнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этиш, мактабларда психологик хизматни такомиллаштириш, психологларни методик қўллаб-қувватлаш ва профессионал ривожлантириш, халқ таълими ходимларининг педагогик фаолиятга шахсий мувофиқлигини ўрганиш белгиланди.

Хулоса қилиб  айтганда, қарорда таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, педагог ходимлар ва олимларнинг фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган фаолият устидан таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиш  орқали  таълим-тарбия тизимида  мустаҳкам  ёндашув  таъминланди. Дархақиқат, бизнинг олдимизда турган асосий вазифа, илм-фанни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёшларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантиришдан иборат. Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини замонавий билимларни пухта эгаллаган, салоҳиятли ёшлар қуради.

Умуман олганда, таълим тизимини ривожлантириш бир кишининг иши эмас. Шундай экан давлат раҳбарининг Қарорда белгиланган ҳаётий вазифалар ижросини биргаликда бажариш ким ва қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Фарход  ЖУМАНОВ,

Халқ  депутатлари

Чироқчи тумани  Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+