Ютуқлар биз учун чегара эмас

31.10.2020 12:10:40

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининнг IV пленум йиғилиши III чорак якунига бағишланди. Унда вилоят кенгаши фаоллари билан бирга ҳудудий кенгашларнинг раислари  иштирок этдилар. Пленум онлайн тарзда ZOOM дастури орқали карантин қоидаларига амал қилган ҳолда олиб борилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг ўтган даврида андижонлик “адолатчилар” ўз фаолиятларини жонлантиришга ва бу билан сиёсий майдонда партиямизнинг  ўрнини янада мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратдилар. Айни шу мақсадда сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ва партия лойиҳалари асосида иш юритиш ҳар бир партия фаолининг бош мақсадига айланди. Натижада вилоятда бугун партиядошларимизга бўлган ишонч сезиларли даражада ортди.

Йилнинг ўтган даврида сафимизга 3718 нафар янги партия аъзоси келиб қўшилди. Натижада Андижонда умумий партия аъзолар сони 22 минг 962 нафарга етди. Шундан 13 минг 933 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Кўриниб турибдики, вилоятда “адолатчи” хотин-қизлар сони ортиб бормоқда.

Малохатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси ўринбосари:

-Амалдаги йил барчамиз учун синовли бўлди. Чунки пандемия сабаб ишлаш бирмунча қийинлашди. Лекин шундай вақтда биз янада фаоллик билан ишлашга эътибор қаратдик. Айниқса. партия етакчилари ва маҳаллий кенгаш депутатларининг зиммасидаги масъулият ортди. Улар март ойидан буён жамоатчилик билан ишлашни ҳар қачонгиданда кучайтирдилар. Бунда онлайн мулоқотлар, турли тадбирлар ўз самарасини берди. “Саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасида ижтимоий кўмакка мухтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилдики, бу бизни қўллаб-қувватловчи ва сафимизга қўшилиш истагидагилар сонининг ортишига олиб келди.

Шу ўринда биргина “Аёллар қаноти” томонидан ҳисобот  даврида 35 та тадбир ўтказилганини қайд этиш лозим. Ушбу тадбирлар хотин-қизларнинг сиёсий – хуқуқий маданиятини ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун муносиб шарт – шароитлар яратиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишларига қаратилди.  Тадбирларда иштирок этган  2010 нафар хотин-қизлар ўзи учун фойдали маслахат ёки амалий кўмак олди.

Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Жумладан,  53 нафар ишсиз аёллар иш билан таъминланди, 367 нафар ёш оиладаги хотин-қизларга оила муқаддас эканлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди, “Оила” илмий амалий маркази билан ҳамкорликда эрта турмушни олдини олиш бўйича давра сухбатлари ташкил этилди, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор 42 нафар хотин-қизларга партия фаоллари хамда хомийлар томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди. 

Шунингдек, Пленум иштирокчилари фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамоатчилик билан ишлаш, депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, БПТлар фаолияти ва ёшлар сиёсати борасида амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратдилар. Эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Пленум якунида ютуқлар билан чекланмай фаолиятни янада жонлантиришга келишиб олинди. Айни шу мақсадга қаратилган вазифалар кўрсатиб ўтилди.

                                          Акбаржон НАЗАРОВ,   

             Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+