Юзма-юз мулоқотлар самараси

07.02.2020 10:02:11

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар Тозагул Турақулова ва Азамат Товбаевлар партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш-демкоратик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида тумандаги “Бирлашув” маҳалла фуқаролари йиғинидаги сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қилган мурожаатининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳатлардан бохабар этишга асосий эътибор қаратилди.

Тадбир давомида аҳоли томонидан ечимини кутаётган масалалар, таклиф ва мулоҳазалар ҳам тингланди. Хусусан, маҳалла ҳудудида жойлашган 23-умумтаълим мактабида спорт зали йўқлиги, ичимлик суви билан таъминланмаганлиги сабабли сувни узоқ масофадан ташиб келтирилиши, юқори кучланишли электр ток мактаб ҳудудидан ўтганлиги сабабли, аҳоли ва ўқувчилар ҳаётига хавф солиши мумкинлиги, маҳалла ички йўллари таъмирга муҳтожлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида аҳоли фойдаланиши учун замонавий кутубхона барпо этиш, мактабларда жорий 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили муносабати билан информатика фанидан дарс соатларини кўпайтириш зарурлиги маҳалла фаоллари, ёшлари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Юқорида кўтарилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Тозагул Турақулова мутасадди идораларга тегишли тартибда депутатлик сўровларини чиқариб, ижросини назоратга олишини маълум қилди.

 Асрор КУБАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши туманлараро ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+