Замонамиз қаҳрамонлари яна бир бор эътироф этилди

01.12.2020 19:12:36

Бугун туну кун тождор вирус билан курашаётган шифокорларнинг меҳнатини барчамиз кўриб турибмиз. Айни пайтда халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик, ҳақиқий фидойилик намунасидир.

Шифокорлар бугун халқ саломатлиги йўлида бор куч ва меҳнатларини сафарбар қилиб, чинакам қаҳрамонлик билан беморлар дардига малҳам бўлмоқда.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.

Шу хусусда партиямиз ўз электорати бўлган тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятида енгиллик яратиш, муносибларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор бермоқда.

Айтиш керакки, ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши курашаётган фидойи шифокорларимиз меҳнати таҳсинларга сазовор.

Хусусан, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимлар хизматини оз бўлса-да рағбатлантириш, уларга миннатдорчилик билдириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси доирасидаги “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” деб номланган маънавий – маърифий мавзуда тадбир ташкил этилиб, партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда Жарқўрғон туман Кенгаши ходимлари тумандаги коронавирус пандемиясини даволашда жонбозлик кўрсатган шифокорларни меҳнатини тақдирлаш мақсадида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига ташриф буюрди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан замонамиз қаҳрамонлари-шифокорларни бугунги кунда халқимиз саломатлиги йўлида амалга ошираётган фидокорона меҳнатлари эътироф этилди ва уларга ташаккур билдирилди. Шунингдек, тадбир давомида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш хусусида ҳам сўз юритилиб, мазкур тизим орқали аҳолига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг сифат даражасини кўтариш, фойдаланиш қулайлиги ва тезкорлигини оширишнинг замонавий усулларини жорий қилиш билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Албатта, тадбирда шифокорлар ҳам сўзга чиқиб, ўз ўрнида фуқаролар ҳам тиббиёт ходимларининг кўрсатмаларига амал қилишни, яъни санитария қоидалари, нормалар ва гигиена қоидаларига қатъий равишда эҳтиёт чорасини кўришни таъкидладилар. Тадбирда  шифокорлар ҳукуматимизга, тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, ўзлари учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилганини таъкидлашди. Шундай бўлса ҳам фуқароларимиздан ҳали хавф чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.

Очил Жиянов, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:   

Коронавирус пандемиясига қарши курашиб, юксак билими, салоҳияти ва профессионал маҳорати билан халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатаётган ҳамда беморлар ҳаётини сақлаш мақсадида ўз ҳаёти, соғлигини хавф остига қўяётган шифокорлар меҳнатини ҳар қанча эътироф этса, шунча кам. Ҳар даврнинг ўз қаҳрамонлари бор. Биз яшаб турган бугунги даврда эса шифокорлар чинакам қаҳрамонлик кўрсатишмоқда. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ер аҳли ҳамон барҳаётдир. Ҳақиқий қаҳрамонлар каби ишлашда давом этаётган тиббиёт ходимларига чексиз миннатдорчилик изҳор қилиб қоламиз.

Тадбирда 50 нафар тиббиёт ходими партия аъзолига қабул қилиниб, партия билети топширилди.

Йиғилиш сўнгида касбий бурчини чуқур англаган, эл-юрт ва Ватан тақдирига дахлдорлигини ҳис қилган тиббиёт ходимларининг барчасига миннатдорлик рамзи сифатида эсдалик совғалари ва ташаккурномалар тақдим этилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+