Жаҳон ёшлари ягона мақсад сари...

17.08.2020 20:08:11

Ёшлар — дунё ҳамжамиятининг муҳим миллий бойлигидир. Замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, ўз юрти манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи барча учун принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Дунё ёшлари ҳаётидаги бўшлиқни тўлдириш, навқирон авлоднинг билим ва салоҳиятини тўкис намоён этишларини таъминлаш, минтақа ва давлатлар сиёсатидан қатъий назар барча жамиятларда йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасида 2020 йил 12-13 август куни Халқаро ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган Самарқанд форуми дунё ёшларининг том маънодаги орзулари рўёби бўлди.

Форум иштирокчилари 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида таклиф қилинган ташаббус доирасида ишлаб чиқилган жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини юқори баҳоладилар. Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон ҳам Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу жараёнда ёшлар масаласига бағишланган жаҳон тажрибаси кенг миқёсда ўрганилди.

Мазкур конвенцияни ишлаб чиқишда асосий эътибор ёшларнинг истак ва интилишларини тўлақонли ўрганишга, бугун дунё ёшлари дуч келаётган ҳуқуқий ва ижтимоий муаммолар ечимига қаратилди. Самарқанд форумининг ўзида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ва нодавлат нотижорат тузилмалари вакиллари, олимлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, фаол ёшлар мингдан ортиқ фикр ва таклифларини билдирди.

Эътиборли томони, барча иштирокчи экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси қўллаб-қувватланиб, мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқлари борасида амалга оширилган ишлар эътироф этилди.

Бугун ривожланган давлатларда ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари ёшлардир. Бинобарин, том маънодаги инклюзив жамият ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиёт жараёнларида иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиши лозим. Бунда эса, давлатимиз раҳбари ташаббусига қадар навқирон авлоднинг ҳозирги замонда дунё миқёсида ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжатнинг қабул қилинишига бўлган талаб кун сайин ортиб бораётган эди.

Форумда халқаро тузилмалардан иштирок этган экспертлар ҳам мазкур ташаббус ҳаётий зарурат масаласига айланиб улгурганлигини таъкидладилар.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари — мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Бугун мамлакатимиз ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи давлат сиёсатини амалга оширишда минтақада локомотивлик вазифасини бажармоқда. Ёшлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этишлари учун барча жабҳада кенг кўламли шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция юртимиз ёшлари билан бир қаторда дунёдаги барча ёшларнинг орзулари ушалишида ўзига хос маёқ вазифасини ўтайди. Бундан буён Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда доимий ташаббус кўрсатиш партиямиз ва фракциямизнинг асосий йўналишларидан бирига айланади.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+