Жамоатчилик назорати – қонун устуворлиги гарови

25.04.2024 15:04:17

Барча инсонлар манфаатига мос келадиган, XX асрнинг буюк кашфиёти, кишилик жамияти ривожланишининг буюк ҳосиласи — бу фуқаролик жамияти ва унинг шаклланишидир. Бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилиб мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг асослари тобора мустаҳкамланмоқда. Инсоният орзу қилган адолатли, эркин, фаровон фуқаролик жамиятига эришишнинг энг тўғри йўли — бу ҳокимият ва давлат бошқарув идоралари устидан фуқароларнинг кенг қамровли жамоатчилик назорати ўрнатилишидир. Жамоатчилик назорати қай даражада кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади.

Фуқароларнинг ижтимоий онгини ўстириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ОАВнинг жамиятдаги нуфузини, тўғри ижтимоий фикрни шакллантиришдаги таъсирчанлигини ошириш ҳам жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳим роль ўйнайди. Жамоатчилик фикридан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш лозим. Турмушда ҳар бир ҳудудда муайян масалалар бўйича фикрлар шаклланган. Бу фикрлар кўп ҳолларда объектив ҳолис ва ҳақиқий ҳисобланади. Бироқ ушбу фикрлар фикрлигича, гап сўзлигича қолиб кетмаслигига эришилса, жамоатчилик назорати учун асос қилиб олинса, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлиги, самарадорлиги янада ошади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари ваколатидаги назорат, шунингдек фуқароларнинг таклифлари, шикоятлари ва аризаларидан иборат мурожаатларини ҳам маълум бир маънода жамоатчилик назорати деб таърифласа бўлади.

Сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотларининг мавқейи фаоллиги ошаётганини барчамиз яхши биламиз. Айниқса, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди, у ҳаётимизда партияларнинг ваколатини кучайтиришга катта таъсир қилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис Палаталари, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши сиёсий партияларнинг ўз фаолиятларини янада ривожлантиришлари учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Эндиликда сиёсий партиялардан ҳам давлат бошқаруви идоралари ва ижроия ҳокимияти идоралари қатори республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий сиёсий ислоҳотлар, барча соҳалардаги мақсадли вазифалар тақдири учун масъулиятни зиммаларига олишлари талаб қилинади. Шунинг учун уларнинг ўзаро яқиндан ҳамкорлик қилишлари давлат ва жамият манфаатларига мос тушади. Шу билан бир қаторда қайд қилинган Конституциявий Қонунда белгилаб қўйилганидек, давлат бошқарув органлари ва ижроия ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш сиёсий партияларнинг энг долзарб вазифасига айланди. Албатта бундай катта ҳуқуқлар, шу билан бирга юксак масъулият сиёсий партиялардан етукликни, жамиятда ўз ўрнини топишни ва мавқейи мустаҳкамланишини, яъни чинакамига ташаббускорлик ва фаолликни талаб этади.

Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарорлигини таъминлашда шахс, жамият ва давлат алоқаларида тенглик, масъулият ва жавобгарлик бўлиши учун хизмат қиладиган омилдир. У инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланиши, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор бўлишини таъминлайди.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, жамоатчилик назорати қабул қилинган қонунлар ва қонун ҳужжатлари ижроси, ҳокимият қарорлари қандай қабул қилиниши ва ижро этилиши, қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг тайёрланиш жараёни, давлат органлари ҳамда улардаги мансабдор шахсларнинг фаолияти, давлатнинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан олиб борилиши зарур.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши, ўз навбатида, қонун ҳужжатларининг устуворлигини таъминлашда, уларнинг амалиётда тўлиқ татбиқ этилишида, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда, улар томонидан турли хил ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда, ижтимоий ҳимояни такомиллаштиришда, тадбиркорликни ривожлантиришда, соғлом рақобат муҳитини яратишда, энг муҳими, фаровон турмуш тарзини кучайтириш тизимини янада такомиллаштиришда алоҳида ўрин тутади. Экология соҳасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарурияти айниқса, ҳозирги фуқаролик жамияти қуриш шароитида муҳим аҳамият касб этади. Таъкидлаш лозимки, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг экология соҳасидаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш ва кучайтириш, бундай назоратнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш экологик муаммоларнинг юзага келишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Жамоат экологик назорати атроф табиий муҳитга таъсирнинг жамоатчилик томонидан назорат қилинишини таъминлаш баробарида, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистоннинг кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари деган сиёсатига тўла мос тушади. Зотан, жамоат экологик назорати атроф табиий муҳит соҳасида жамоатчилик иштирокининг асосий шакли бўлиб, фуқароларнинг экология соҳасидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг муҳим ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.

Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ҳам ривожлантириб бориш, ушбу тармоқда жамоатчилик назорати асосларини кенгайтириш барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим шарти ва давр талабидир. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси ҳам депутатлар ҳамд партиялар фаолиятида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ фаолиятларини тартибга солишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш — иродасини эркин билдирилишини таъминлайди. 

 

 

САБИНА АБДУРАХИМОВА
«Адолат» СДП Жиззах вилоят
Кенгаши Матбуот хизмати котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+